Жаҳон банки Ўзбекистон бўйича янги стратегияни қабул қилди

Жаҳон банкининг Ижрочи директорлар кенгаши 14 июнь куни 2016-2020 молиявий йилларида Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг янги Концепциясини тасдиқлади. Янги стратегик дастур мамлакат мақомини 2030 йилга қадар ўрта даромадли мамлакатлар гуруҳининг юқори сегментига олиб чиқиш миллий мақсадларини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақида Жаҳон банки расмий сайтида маълум қилди.

Gazeta.uz сайтининг ёзишича, мазкур мақсадларга иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ҳамда тез суръатларда иш ўринларини ташкил этиш учун зарур шароитларни яратиш мақсадида инфратузилмаларни ривожлантириш орқали эришилади.

Кўп йиллардан буён Жаҳон банки Гуруҳи Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда ишлар экан, иқтисодиёт ва молия бошқарувини яхшилаш бўйича маслаҳатларни бериб келмоқда. Сўнгги ўн йилда Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсди, аҳолининг кам таъминланган қатламлари фаровонлигини оширишда сезиларли ютуқларга эришилди. Айни пайтда ташқи иқтисодий муҳит кучсизлангани сабабли Ўзбекистон иқтисодий ўсишнинг янги самарали омилларини топиш йўлидан бормоқда ва бу борада сифатли ишчи ўринларини яратиш мамлакат олдида турган тараққиётнинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.

«Тезкорлик билан кўпайиб бораётган ишчи кучларни ҳисобга олганда, тараққиётнинг асосий вазифаси янги маҳсулдор ва барқарор иш ўринларини ташкил этишдан иборатдир. Бунинг учун хусусий сектор ҳаракатлантирувчи куч ҳисобланган бозор иқтисодиётига ўтиш зарур, — дея қайд этди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Жунгхун Чо. — Ўзбекистон даромадларининг барқарор ўсишини қўллаб-қувватлаш учун хусусий секторни ривожлантириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва либераллаштириш, аҳолига тақдим этилаётган давлат хизматлари сифатини ошириш зарур».

Янги стратегик дастур асосида Ўзбекистоннинг системали диагностикаси — Жаҳон банки томонидан ўтказиладиган мамлакатнинг қисқа ва ўрта муддатларда кам таъминганликка қарши кураши ҳамда умумий фаровонлик устида ишлашидаги иқтисодий шароитлар, мураккабликлар ва чекловларнинг комплекс таҳлили ётади. Янги стратегия ҳукумат билан кенг мулоқот ҳамда ҳамкорлар билан тараққиёт бўйича, шу жумладан, фуқаролик жамияти ташкилотлари, илмий ва тадбиркорлик ҳамжамиятлари, профессионал ассоциациялар, кўптомонлама ва икки томонлама донорлар билан маслаҳатлашувларни ҳам ўз ичига олади.

Стратегия асосий учта долзарб соҳа: хусусий секторнинг ўсиши, қишлоқ хўжалигининг рақобатбардошлиги ва пахта етиштириш секторининг модернизацияси ҳамда давлат хизматлари сифатининг ошишига йўналтирилган. Биринчи муҳим соҳа доирасида Жаҳон банки Гуруҳи тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва мамлакатда хусусий секторга сармоя киритишни қўллаб-қувватлашга ёрдамлашади. Иккинчи энг муҳим соҳа сифатида қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларини янада барқарор бошқариш билан бир қаторда меҳнат ресурсларидан интенсив фойдаланишни ўз ичига олган фойдали, бозор тизимини яратишга қаратилган ислоҳотлар қўллаб-қувватланади. Давлат хизматлари сифатини ошириш учун эса Жаҳон банки сув таъминоти ва санитария хизматларидан фойдаланиш, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматлари сифатини ошириш, шунингдек, транспорт алоқаси ва шаҳарларни комплекс ривожлантириш даражасини яхшилашда ўз ёрдамини тақдим этади.

Ўзбекистон Жаҳон банкига 1992 йилда аъзо бўлган. Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги жорий мажбуриятлари миқдори 2 млрд АҚШ доллари атрофидани ташкил этади.

SHARE