Нурсултон Назарбоев: Эроннинг ШҲТга аъзо бўлиш навбати келди

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкент шаҳрида ўтказиладиган саммитида ташкилотга Ҳиндистон ва Покистон давлатлари қўшилиши жараёни бошланади.

Бу ҳақида Хитойнинг «Жэньминь жибао» нашрига асосланиб, UzDaily хабар тарқатган.ШҲТ саммити 23—24 июнь кунлари бўлиб ўтади. Унда ШҲТнинг 2015 йил ёзида Уфа шаҳрида ўтказилган саммити вақтида Ҳиндистон ва Покистонни ташкилот таркибига қабул қилиш бўйича келишиб олинган қарорнинг амалиёти бошланади.

«Ташкилот шу тариқа ўз таркибини кенгайтириш учун муҳим қадам ташлайди», дейилган хитойликлар нашрида.Ташкилот бош котиби Рашид Алимовнинг айтишича, ШҲТнинг тўлақонли аъзоси мақомини олиш учун талабгор давлат 30дан ортиқ ҳужжатни қабул қилиши зарур ҳисобланади.

«Улар сўзсиз қабул қилиниши керак. Такрорлайман – ҳеч қандай истисносиз, тўлиқ қабул қилиниши керак. Улардан асосийси – узоқ муддатли қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик ҳақидаги шартномадир», — дея қайд этган Алимов.

«Бу икки мамлакат (Ҳиндистон ва Покистон) деярли 11 йилдан буён кузатувчи бўлиб келди. Бу мамлакатларнинг тўлақонли аъзо бўлиши ҳақидаги қарор чуқур ўйлаб кўрилган. Бу шунчаки урф бўлгани учун эмас.Икки мамлакат ҳам ШҲТ Хартиясида келтирилган қадриятларга тўла мос. Бизда шубҳа йўқки, ташкилот уларнинг иштирокидан фақат ютади. Ҳиндистон ва Покистон ҳам ШҲТнинг тўлақонли аъзоси бўлишдан фойда кўришига шубҳа йўқ. Бу мамлакатлар ШҲТ билан қалин дўстона алоқаларда», — дея таъкидлаган бош котиб.

Россияда ўтказилган халқаро конференцияда сўз олган  Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ҳам  Ҳиндистон ва Покистон жорий йил июнь ташкилотга аъзо бўлишини, энди Эроннинг навбати келганини айтиб ўтди.