АҚШ элчихонаси “Суҳбатсиз визага мурожаат этиш” дастури бўйича веб-чат ўтказади

    Шу йилнинг 30 июнь пайшанба куни соат 15:00дан 16:00га қадар консул ўринбосари Ладислав Беранек АҚШ элчихонаси консуллик бўлими ходимлари билан биргаликда “Суҳбатсиз визага мурожаат этиш” дастури бўйича веб-чат ўтказади. Элчихонанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ёзилишича, жаноб Беранек ва унинг ҳамкасблари Сиздан дастурга алоқадор саволлар кутиб қолади. (Шуни инобатга олингки, шахсий аҳамиятга эга саволларга жавоб берилмайди).

    “Сиз 30 июнь куни соат 12:00дан бошлаб Фейсбук саҳифамизга қўйилган махсус линк орқали ўз саволларингизни ёзиб қолдиришингиз мумкин. Шу линк орқали сухбатда қатнашишингиз ва ўз саволларингизни қолдиришингиз мумкин. Саволлар инглиз, рус ёки ўзбек тилларида берилиши мумкин. Илтимос, саволларингизни дастур ҳақидаги эълон остида қолдирманг. Жавоблар ҳам ўз ўрнида ўша тилда берилади”, дейилади эълонда.

    Эслатиб ўтамиз, 2016 йил 6 июндан бошлаб, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ноиммиграцион визага мурожаат этувчилар ўз визаларини консул билан суҳбатдан ўтмасдан янгилашлари мумкинлигини маълум қилади. Бундай имкониятга эга бўлиш учун мурожаатчилар АҚШ иммиграция қонунчилиги томонидан ўрнатилган талабларга жавоб беришлари лозим. Мазкур талабларга жавоб бермайдиган шахсларнинг мурожаатлари рад этилади ва виза олиш учун консул билан суҳбатга ёзилишлари талаб қилинади.