Тошкентда Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумлар имзоланди

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкент саммитида Ҳиндистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикасининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумлар имзоланди.

“Ҳиндистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикасининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумлар имзолангани Тошкент саммитининг муҳим воқеаларидан бўлди”, деб ёзади ЎзА.

Таъкидланишича, Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси мақомига эга бўлиши ташкилот имкониятларини кенгайтириб, халқаро майдонда долзарб муаммоларни ҳал этиш, минтақа ва умуман дунёда хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлайдиган кўп томонлама механизм сифатида ташкилот ролини янада оширишга хизмат қилади.

“РИА Новости”нинг ёзишича, Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга қабул қилиниши бўйича музокаралар мураккаб кечган. Лекин якунда қийинчиликлар енгиб ўтилган. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ташкилот аъзоларининг тор доирадаги учрашуви вақтида маълум қилган.Ўзбекистон раҳбарининг сўзларига кўра, Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТ таркибига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилиниши янги ташкилотда янги даврни бошлаб беради.

“Яширмайман, музокаралар жараёни ўзига яраша қийин бўлди. Буни тан олиш керак. Аммо якунда биз барча қийинчиликларни енгиб ўтдик ва ШҲТ стратегик мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ягона фикрга келдик”, деган Ислом Каримов.

SHARE