Бош прокуратура Бош вазир ўринбосарига нисбатан жиноий иш очилмаганлигини маълум қилди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мамлакат Бош вазири ўринбосари — «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси бошқаруви раиси Улуғбек Рўзиқуловнинг жиноий жавобгарликка тортилгани ва унга нисбатан уй қамоғи шаклида эҳтиёт чораси қўллангани тўғрисида айрим сайтларда эълон қилинган хабарларни рад этди.

“Мазкур маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди, айни пайтда Бош прокуратурада Рўзиқулов У.га нисбатан жиноий иш қўзғатилмаган”, — дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида.

Хабарда юқори айтиб ўтилган маълумотларнинг айнан қайси сайтларда эълон қилингани аниқлаштирилмаган.

Хабарда айтилишича, Бош прокуратура “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун талаблари асосида давлат, шу жумладан, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятига оид электрон ахборот мунтазам мониторинг қилиб борилади.

SHARE