ОАВ: МТС Ўзбекистондаги улушини сотиши мумкин

Universal Mobile Systems Ўзбекистон-Россия мобил операторининг Россия томонидан таъсисчиси бўлмиш МТС компанияси мобил операторидаги ўз улушини сотиш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Бу ҳақида «Интерфакс» ахборот агентлигига таяниб Kun.uz хабар тарқатди.Компания вакили маълум қилишича, мобиль оператори «UMS орқали Ўзбекистонда одатдаги тартибда фаолиятини давом эттирмоқда».

«Интерфакс» манбасининг фикрича, МТС Ўзбекистондаги ўз бизнесини «рамзий сумма» эвазига сотади. У бу бизнеснинг сотилиши «негатив сценарий» тусини олгани, шу билан биргаликда маҳаллий бозорда қолишни назарда тутувчи «базали сценарий» ҳам мавжудлигини айтган. У бу жараён қачон якунланиши номаълумлигини қўшимча қилган.

UMS компанияси матбуот хизматининг Kun.uz сайтига маълум қилишича, бу жараён абонентларга таъсир этмайди, компания одатий тартибда фаолият кўрсатишда давом этмоқда.

Universal Mobile Systems 2014 йилнинг 1 декабридан уяли алоқа тармоғини тижорий фойдаланишга топширди. 2014  йилнинг июль ойида Ўзбекистон ва МТС («Мобильные Телесистемы»)ўртасида ҳамкорлик шартномаси тузилган эди. Ўшанда томонлар қўшма корхона тузиш ҳақида келишиб олишганди. Келишувга кўра, корхона сармоясининг 50,01 фоизи МТСга, 49,99 фоизи «Ўзбектелеком» АЖга тегишли бўлиб, уяли алоқа оператори 2G/3G/LTE лицензиялар, керакли частоталар, номерлар ҳажми, алоқа каналлари ижараси билан таъминланди.

Тармоқнинг бошланғич ҳажми 2,5 миллион абонент рақами деб белгиланди.Жорий йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, UMS абонентлари базаси 1,287 миллион кишини ташкил қилди.Эълон қилинган молиявий натижаларга кўра, UMS 2016 йил биринчи чорагида кўрган фойда ўтган чоракка нисбатан 3,5 фоизга кўпайиб, 85,241 миллиард сўмни ташкил этди (2,2 млрд рубль). Бу МТС гуруҳининг умумий даромадида 2 фоизлик улуш демакдир.

SHARE