Ислом Каримов: “Интернет асрида ахборот учун ҳеч қандай чегара йўқ, бу соҳада қандайдир “темир девор” қуриб бўлмайди”

Юксак касб маҳоратига эга журналистлар, таҳлилчи ва шарҳловчиларни, мухтасар айтганда, ўз касбининг ҳақиқий устаси бўлган мутахассисларни тайёрлаш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб турибди. Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан табригида шундай дейилади.

Айниқса, журналистларимизнинг ҳаётга чуқур кириб бориши, жамиятимиздаги ижтимоий-сиёсий жараёнларни туб моҳияти ва аҳамияти, керак бўлса, мураккаблиги билан очиб бериш, тараққиётимиз йўлида тўсиқ бўлиб турган муаммоларни дадил кўтариб чиқиш, мавзуга холисона ва ҳаққоний ёндашиш каби мезонлар матбуотимизнинг ўзгармас қоидаси ва принципи бўлиб қолиши даркор.

Ислом Каримовнинг сўзларига кўра, бунинг учун аввало замон талабларига жавоб берадиган журналист кадрларни тайёрлаш, тегишли олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълим стандартлари ва ўқув дастурларини такомиллаштириш, профессор-ўқитувчиларнинг савияси ва малакасини ошириш, таълим жараёнига энг илғор педагогик ва инновацион технологияларни жорий этиш бўйича амалга ошираётган ишларимизни янги босқичга кўтаришимиз зарур.

Шулар қаторида мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларининг халқаро ахборот майдонига кириб бориши, дунёда ном қозонган нуфузли нашрлар ва медиакомпаниялар билан самарали ижодий алоқалар ўрнатиш, ахборот-коммуникация технологиялари ва хорижий тилларни пухта эгаллаш алоҳида аҳамият касб этади.

Бугунги глобаллашув замонида, интернет асрида ахборот учун ҳеч қандай чегара йўқлиги, бу соҳада қандайдир “темир девор” қуриб бўлмаслигини кимгадир тушунтириб, изоҳлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман.

Жаҳон ахборот маконидаги бундай мислсиз интеграция жараёнлари бугунги юксак тараққиёт учун беқиёс имкониятлар очиб бераётганини эътироф этган ҳолда, ахборот оқими орқали афсуски, турли бузғунчи ғоялар, “оммавий маданият” кўринишлари ҳам ҳаётимизга кириб келаётганини инкор этиб бўлмайди. Улар ёшларимизнинг онги ва руҳиятига салбий таъсир кўрсатаётгани, маънавий қадриятларимизга, авлодлар ўртасидаги ворисийлик анъаналарига беписанд қараш каби ҳолатлар ҳам ён-атрофимизда учраб туриши барчамизни ташвишга солмасдан қўймайди.

SHARE