Истанбул аэропортида содир этилган теракт қурбонлари сони 36 кишига етди

Истанбул аэропортига уюштирилган ҳужум оқибатида 36 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақида “Ҳурриет” газетаси мамлакат Туркия бош вазири Бинали Йилдиримга таяниб хабар тарқатди.

Сўнгги маълумотларга кўра, энг камида 106 киши жароҳатланган.

Бундан аввалроқ эса шаҳар губернатори Васип Шахин 28 кишининг қурбон бўлгани ва 60 кишининг жароҳатлангани ҳақида хабар қилган эди.

Сешанба куни 22:00 атрофида Истанбулдаги Отатурк аэропортининг кириш, чиқиш ва халқаро терминалдаги автомобиль турар жойида уч маротаба портлаш содир бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, Истанбул аэропортидаги терактлар гранаталар улоқтирган икки террорист томонидан амалга оширилган.

Истанбул аэропорти чоршанба куни 17:00 га қадар ёпилган. Барча режалаштирилган рейслар бекор қилинган, Отатуркка парвозни амалга ошираётган самолётлар бошқа аэропортларга йўналтирилмоқда.

Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар орасида ўзбекистонликлар бор-йўқлиги ҳақида маълумот йўқ.

SHARE