Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда кичик бизнесни молиялаштириш учун 100 миллион доллар ажратади

    Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда кичик бизнесни молиялаштириш учун 100 миллион доллар ажратилишини маъқуллади. Бу ҳақда UzDaily хабар бермоқда.

    Кичик бизнесга кредитлар Davr Bank, Hamkorbank, «Ипак йўли» банки ва Uzbek Leasing International лизинг компанияси орқали тақдим этилади.

    ОТБ Марказий ва Ғарбий Осиё молиявий сектори мутахассиси Алия Муҳамадёровага кўра, заём кичик бизнес субъектларига айланма капитал ва асосий воситаларга инвестициялар учун кредитлар тақдим этиш имконини беради. Субзаёмнинг максимал миқдори 300 минг доллардан иборат ва у бозор ставкалари асосида берилади.

    Кредитларнинг камида 60 фоизи пойтахтдан ташқаридаги, 20 фоизи эса эгаси аёллар бўлган кичик бизнесга берилади. Лойиҳанинг амалга оширилиш муддати 5 йил бўлиб, 2021 йил декабрида якунланиши кўзда тутилган.