Ўзбекистон конверсион карталардан фойдаланишда янги чекловларни жорий қилди

Ўзбекистон банклари шу йилнинг 1 июлидан конверсион карталардан фойдаланишга чекловлар жорий қилди. Бу ҳақида Газета.uz сайти ўз манбаларига таяниб хабар тарқатди.

Банкоматлардан ечиб олинадиган нақд пул миқдори ойига 300 АҚШ доллари миқдорида лимит жорий қилинган.

Бундан ташқари, Туркия, Хитой ва БАА каби мамлакатлардаги чакана ва улгуржи корхоналари терминалларида конверсион карталар орқали ҳақ тўлаш имконияти бўлмайди. Айни пайтда ушбу карталардан меҳмонхонада яшаш, овқатланиш, даволаниш ва таълим мақсадларида тўловларда фойдаланиш мумкин.

Ушбу ўзгаришлар хусусида шанба куни KDB Bank Uzbekistan ўз сайтида маълум қилди. Унда айтилишича, бундай чоралар юқорида қайд этилган мамлакатларда “конверсион карталардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари” кўп учраши сабабли жорий қилинган.

Фуқароларнинг банклардан хорижий валютани Марказий банк курси бўйича харид қилиш имконини берувчи конверсион карталар 2013 йил 1 февралидан жорий қилинган бўлиб, ўшандан бери банклар фуқаролар нақд валюта сотишни тўхтатган.

SHARE