“Samsung” совуткичлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмоқда

Тошкентдаги “Polaris Technologies” хорижий корхонасида Жанубий Кореянинг “Samsung Electronics” компанияси билан ҳамкорликда “Samsung” савдо белгиси остида замонавий совуткичлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу ҳақида ЎзА хабар тарқатди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев, Корея Республикасининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У, “Samsung Electronics” компаниясининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Мин Шин Вунг ва бошқалар Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.

“Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси таркибига кирувчи “Artel” бренди остида совуткичлар ишлаб чиқараётган “Polaris Technologies” хорижий корхонасида Жанубий Корея, Япония, Италия ва Хитойдан замонавий дастгоҳлар келтирилди. Уларни ўрнатиш ва ишга тушириш тадбирлари “Samsung Electronics” компанияси экспертлари иштирокида бажарилди.

Умумий қиймати 4 миллион долларлик лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида мамлакатимизда “Samsung” бренди билан тўрт турдаги замонавий совуткичлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

290 ва 320 литр ҳажмли “Samsung” совуткичларида R-600 экологик хавфсиз хладагентлари, шунингдек, А+ тоифали энергия тежамкор инверторли компрессорлар ўрнатилган. Ишлаб чиқариш жараёнига кучли сифат назорати тизимлари жорий этилган. Замонавий технология ва лаборатория, малакали мутахассислар маҳсулотларнинг юқори сифатини таъминлаш имконини беради.

Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Биринчи босқичда маҳаллийлаштириш даражаси қарийб 40 фоизни ташкил этади. Келгусида маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланиш даражаси янада кенгайтирилади.

samsung_sovutkichlari_zbekistonda_ishlab_chi_arilmo_da_05_07_2016

Янги турдаги маиший техника воситасидан жорий йил охирига қадар 6 минг дона ишлаб чиқариш режалаштирилган. Экспорт ҳажмини ошириш мақсадида “Samsung Electronics”нинг дистрибьютерлик тармоқларидан фаол фойдаланиш кўзда тутилган.

SHARE