Чикаголик ўзбекистонликлар ташаббуси билан Чадда 1700 киши тоза ичимлик суви билан таъминланди

Чикаголик ўзбеклар ташаббуси билан бошланган «Buloq» лойиҳаси доирасида Африканинг марказий қисмидаги Чад мамлакатида жойлашган қишлоқлардан бири ичимлик суви билан таъминланди.

Бу ҳақда Чикаго ўзбеклари уюшмасининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали маълум қилинган.

Саҳифада тақдим этилган видеода келтирилишича, уюшма томонидан бошланган «Buloq» лойиҳаси доирасида «BuildWaterWell.org» сайтида кампания бошланган. Хайрия маблағлари ҳисобидан 4,5 минг доллар тўпланган ва Чаддаги Васси қишлоғида булоқ қурилиши бошланган.

Маълум бўлишича, Васси қишлоғи жойлашган ер остида ичимлик суви мавжуд бўлиб, 45 метр чуқурликдаги бу сувни юқорига чиқариш учун насосли ускуна ўрнатилган.Васси қишлоғидаги булоқ 2016 йилнинг 27 май куни фойдаланишга топширилган. Натижада 1700 киши тоза ичимлик суви билан таъминланган.

Видеода қишлоқ аҳолиси ташаббускорларга миннатдорчилик билдиргани кўрсатилган.

SHARE