АҚШ Марказий қўмондонлиги Ўзбекистон чегарачиларига юк машиналарини етказиб берди

АҚШ Марказий қўмондонлиги Ўзбекистон чегарачиларига олтита «MAN» русумли юк машиналарини етказиб берди, дея хабар бермоқда Американинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати.

Газета.uz сайтининг ёзишича, Самарқандда ишлаб чиқарилган мазкур юк машиналари чегарачилар автопаркини янада кенгайтиради. Машиналарни етказиб бериш ишлари 12 июль куни ниҳоясига етди.

Ўтган йили АҚШ Марказий қўмондонлиги йигирмата худди шундай юк машиналарини Ўзбекистон ичида фойдаланиш учун чегарачиларга етказиб берганди.

«Бу таъминот Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ўртасидаги давомий ҳамкорликнинг бир қисмидир. Шунингдек, у Қўшма Штаталарнинг Ўзбекистон чегара хавфсизлигини қўллаб-қувватлаётганидан далолат беради», — дейилади хабарда.

SHARE