Туркияда ҳарбий тўнтаришга уринишдан сўнг “ялпи тозалаш” ўтказилмоқда

Туркияда шу йилнинг 15 июль кунги ҳарбий тўнтаришга уринишдан сўнг ялпи тозалаш ишлари амалга ошириляпти. Бу ҳақида “Ҳурриет” газетаси хабар тарқатди.

Хусусан, Таълим вазирлиги тизимида хизмат қиладиган 15200 нафар ходим Фэтҳуллист террористик ташкилотига аъзоликда айбланиб, фаолиятдан четлатилди. Бундан ташқари, хусусий таълим муассасаларида дарс берадиган 21 минг нафар ўқитувчининг лицензиясини бекор қилинди.

Мамлакат Миллий разведка органининг 100 нафар ходими ҳам ишдан четлатилган. Бундан ташқари, ҳукумат аппаратида ишлайдиган 257 нафар хизматчи, шу жумладан, 230 нафар юрист, 19 нафар хизматчи, олти нафар маслаҳатчи ва иккита ҳуқуқий консультант ишдан ҳайдалган, уларнинг хизмат гувоҳномалари бекор қилинган.

Шу билан бирга, Туркия олий таълим кенгаши мамлакатдаги барча хусусий ва давлат университетларидаги деканларнинг истеъфога чиқишини талаб қилган. Кенгаш қарорига кўра, 1557 нафар декан, уларнинг 1176 нафари давлат университетлари, 401 нафари хусусий олий таълим муассаса декани ҳисобланади.

Туркиянинг дин ишлари бўйича давлат идораси — Диянет 492 нафар диний хизматчи фаолиятини тўхтатган. Улардан уч нафари вилоят муфтийси, бир нафари департамент раҳбари, бир нафари идора консультанти ҳисобланади.

Оила ва ижтимоий таъминот вазирлигининг 393 нафари, Тараққиёт вазирлигининг 16 нафари ишдан ҳайдалган.

Шунингдек, 7899 нафар полиция ходими, 614 нафар жандермерия зобитлари, 30 нафар вилоят губернатори, 47 нафар туман ҳокимлари ҳам ишдан четлатилди.

Молия вазирлиги тизимининг 1500 нафар ходими ҳам ишдан четлатилди.

Шу билан бирга, мамлакатда 9322 нафар фуқаро ва хизматчига нисбатан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

SHARE