QazaqGeo: Орол тикланмоқда, саҳро аста-секин чекинмоқда

Остонада Қозоғистон миллий география жамиятининг (QazaqGeo) 12 кун давом этган Улитау—Арал илмий-тадқиқот экспедицияси якунлари кўриб чиқилди. Бу ҳақда қозоқ матбуотига асосланиб, Daryo.uz  хабар бермоқда.

Экспедициянинг 30 нафар аъзоси — олимлар, журналистлар, блогерлар, фотосуратчилар ва волонтёрлар 40 даражали жазирамада 4 000 километрдан ошиқ йўл босди. Кўплаб объектлар, жумладан, машҳур Борсакелмас ороли, Бойқўнғир шаҳрига борилди, Шимолий Орол, денгиз тубидан топилган Кердери қадим шаҳри, Янгикент шаҳар-қалъаси вайроналари ўрганилди. Келгусида гидробиологик изланишлар ўтказиш учун Орол денгизи суви олинди. Мамлакатнинг марказий қисмини Улитау орқали Орол минтақаси билан боғловчи дала ва шоссе йўллари асосида янги сайёҳлик йўналиши ишлаб чиқилди.

Экспедицияда иштирок этган гидробиологлар Оролдаги экологик вазият яхшиланганини қайд этди. «Энг асосий натижа — денгиз Шимолий Орол қисмида тикланмоқда, унга ҳаёт қайтмоқда. Тузлар кўтарилмоқда, ўсимлик дунёси тикланмоқда, балиқлар пайдо бўлди. Чўл ландшафтининг ярим саҳро, ҳатто дашт кўринишига келиши жараёни кетмоқда», — дея таъкидлади экспедиция раҳбари Саулет Сакенов.

Кўкоролдаги тўғон денгизнинг бир қисмини қутқариш учун асос яратишга кўмак берди. Бу ерда QazaqGeo ва Оролни қутқариш халқаро фонди ҳамкорлик ҳақида меморандумни имзолади. Ушбу меморандум доирасида Орол денгизини сақлаб қолишга қаратилган қўшма лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Тадқиқотчилар экспедиция якунлари бўйича қуйидаги хулосага келди: Орол тикланмоқда, саҳро аста-секин чекинмоқда. Денгизни қутқаришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади.

SHARE