Ўзбекистонлик олимпиадачилар Риога жўнаб кетди

    Пойтахтимизда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида август-сентябрь ойларида бўладиган ХХХI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон спорт делегациясини кузатиш маросими бўлди.

    ЎзАнинг хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев спорт оламининг нуфузли мусобақалари – ХХХI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларида спортчиларга муваффақият тилади.

    “Агар, 2012 йили бўлиб ўтган Лондондаги мусобақаларда 63 спортчимиз иштирок этган бўлса, бу йилги ўйинларда 100га яқин спортчимиз қатнашиши кейинги тўрт йил ичида профессионал спортимиз шиддат билан ўсганини яққол кўрсатади”, дейилади хабарда.

    Олимпия ўйинларида спортчиларимиз академик эшкак эшиш, бадиий гимнастика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, бокс, дзюдо, енгил атлетика, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, стол тенниси, сузиш, таэквондо (WTF), теннис, трамполин, ўқ отиш, эркин ва юнон-рум кураши каби қатор спорт турлари бўйича баҳслашади.

    Ўзбекистон спорт делегациясини кузатиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Н.Йўлдошев, Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов иштирок этди.

    SHARE