Туркия элчихонаси мамлакатда жорий қилинган фавқулодда ҳолат сайёҳларга таъсир кўрсатмаслигини маълум қилди

21 июль куни Туркияда 3 ой муддат давом этадиган фавқулодда ҳолат тартибининг жорий этилиши Туркия фуқароларининг кундалик ҳаётидаги ҳуқуқ ва эркинлигини чегараламайди ва дам олиш мақсадида келган меҳмонларга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Бу ҳақида Туркиянинг Тошкентдаги элчихонасига таяниб газета.uz тарқатди.

«Меҳмонларимизнинг Туркия ҳудудида хавфсиз дам олиши учун ҳеч кандай тўсиқ ва чекловлар мавжуд эмас», — қайд этилади мурожаатда.

Туркияда ҳарбий тўнтарилишга уриниш муносабати билан муайян муддатга ёпилган аэропортлар одатдаги режимда ҳаво кемаларини қабул қилиб, йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда. Салбий ҳодисалар Анталия, Муғла ва Измир каби дам олиш ҳудудларида Туркия фуқаролари ва чет элликларга ҳеч қандай таъсир кўрсатмади, дейилади мурожаатда.

Унда қайд этилишича, курортлар, талаб қилинган хизмат кўрсатиш даражасини таъминловчи инфратузилмалар, дам олиш базалари ва меҳмонхоналар ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

SHARE