Америкалик конгрессмен ўзбекистонликларни мустақиллик байрами билан табриклади

Шу кунларда Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 25 йиллик юбилейи муносабати билан Ўзбекистон халқи номига йўлланган табрикномалар мамлакатнинг хорижий давлатлардаги дипломатия ваколатхоналарига келиб тушмоқда.

Масалан, ушбу қутлуғ байрам арафасида АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг Европа, Евроосиё ва юзага келадиган хавф-хатарлар бўйича кичик қўмитаси раиси, Калифорниядан конгрессмен Дейна Рорабахер ҳам ўзининг ана шундай қизғин қутловларини йўллади. Бу ҳақида “Жаҳон” АА хабар тарқатди.

“Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон барқарор ва гуллаб-яшнаётган мамлакатга айландики, ривожланишнинг бу модели кўпгина давлатлар учун яққол намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин. Президент Ислом Каримовнинг оқилона раҳбарлиги туфайли республика халқаро майдонда ўзининг муносиб ўрнини эгаллади.

Ўзбекистон Америка Қўшма Штатларининг минтақадаги энг муҳим шерикларидан бири ҳисобланади. Мамлакатларимиз яқин дўстона муносабатларни ривожлантиришда давом этмоқда. Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик масалаларига мутасадди бўлган парламент аъзоси сифатида Вакиллар палатасида Марказий Осиё бўйича ташаббус гуруҳи яратишга ўз ҳиссамни қўшиш ниятидаман. Бундан ташқари, конгрессменлар делегацияси парламентлараро алоқаларни ҳамда бошқа йўналишлардаги ўзаро ҳамкорлик кўламларини кенгайтириш истиқболларини муҳокама этиш мақсадида яна Ўзбекистонга боришни мўлжалламоқда.

Ушбу қулай имкониятдан фойдаланиб, мазкур қутлуғ сана муносабати билан Ўзбекистон аҳолисига ўзимнинг энг эзгу тилакларимни изҳор этишни истар эдим. Халқларимиз манфаатлари йўлида республика билан муносабатларимиз янада чуқурлашишига умид қиламан”.

SHARE