Туркияда фавқулодда ҳолат: мамлакатни нималар кутмоқда?

Туркияда шу йилнинг 15 июль куни ҳарбийлар томонидан давлат тўнтаришига уриниш ҳамда шу муносабат билан мамлакатда жорий қилинган фавқулодда ҳолат халқаро ҳамжамият, шу жумладан, ўзбекистонликларда катта қизиқиш уйғотди. Турли фикрлар билдирилмоқда, мамлакат диктатура сари қадам ташлагани ҳақида мулоҳазалар илгари суриляпти.

Хўш, фавқулодда ҳолат жорий этилиши билан Туркия ҳаёти қонун устуворлиги нуқтаи назаридан қанчалик ўзгаради. Ҳарбий тўнтаришга уринишдан бир ҳафта ўтиб туркиялик таниқли адвокат Ҳусейн Эрсўз Hürriyet Daily News нашри мухбири саволларига жавоб берди. Қуйида уни жузъий қисқартиришлар билан ҳавола этамиз.

  • Туркияда фавқулодда ҳолат қоидалари амал қиляпти. Айтинг-чи, бизни нималар кутяпти?
  • Фавқулодда ҳолат тартиби конституцияда белгилаб қўйилган. Энг муҳим омил шундаки, президент бошқарувидаги ҳукуматга мутлақ ваколатлар берилиб, у қонун мақомига эга бўлган фармонлар чиқаради. Ушбу фавқулодда фармонлар конституциявий судда кўриб чиқилмайди ҳамда бекор қилинмайди. Шу маънода айтганда, бундай ҳужжатлар қонун назоратидан ташқарида ҳисобланади. Умуман, фавқулодда ҳолат пайтида ягона назорат институти парламент ҳисобланади. Аммо ҳозирда у тўлиқ ҳукуматдаги партияси назоратида.

Фавқулодда ҳолатларда қабул қилинадиган фармонлар одатдаги вазиятларда анча самарали.  Аммо улар фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларни чекламаслиги керак. Аммо фавқулодда ҳолат шароитида фундаментал ҳуқуқ ва эркинликлар чекланиши мумкин, ҳокимият вакилларига қўшимча ваколатлар берилади.

  • Ҳозирги шароитда одил судловни таъминлаш энг долзарб масала бўлиб қолади, шекилли?
  • Фавқулодда вазиятларда нормаларни турлича талқин қилиш мумкин. Бундай вазиятда қонунларга риоя этилиши ҳамда халқаро ҳужжатларга мувофиқ иш тутиш жуда муҳимдир. Ҳуқуқ ва эркинликлар чекланган шароитда ҳам айрим омиллар устуворлиги таъминланиши керак. Масалан, кучларни мутаносиб ишлатиш, қийноқларни чеклаш, яшаш ҳуқуқи узвийлигини ҳурмат қилиш, айбсизлик презумпцияси шулар жумласидандир. Ҳозирда минглаб одамларнинг қамоққа олингани асосий муаммолардан бири ҳисобланади.
  • Фавқулодда ҳолат жорий қилинганидан сўнг эълон қилинган биринчи фармонни қандай баҳолайсиз?
  • Албатта, минглаб одамлар ҳибсга олинган бир шароитда тўрт кунгача суд санкциясиз эҳтиёт чораси сифатида шахсни ушлаб туриш жуда мушкул вазифа. Аммо ҳукумат томонидан жорий қилинган 30 кунгача суд санкциясиз шахсни ушлаб туриш мумкинлиги ҳақида қоида ҳам анча баҳсли саналади. 30 кун давомида далилларни билмасдан қамоқда ўтказиш эркинлик ҳуқуқига зиён етказиши мумкин. Бу муддат имкон қадар қисқартирилиши керак, узоғи билан бир ҳафтадан ошмаслиги лозим.

Адвокатнинг ҳужжатларини кўздан кечириш, агар зарурат туғилса, уларни олиб қўйиш, адвокат ва ҳибсга олинган шахснинг учрашувларини мониторинг қилиб бориш сингари чоралар амалдаги таомилларга зиддир. Улар ўзини ҳимоя қилиш ҳамда одил судлов принципларини бузади.

Шуниси равшанки, Туркия бўйлаб амалга оширилаётган амалиёт ҳарбий тўнтариш ижрочилари ҳамда айбдорларни қўлга олишга қаратилган. Аммо бу ерда мувозанатни ушлаш жуда долзарб. Барча чоралар, агар уларга зарурат туғилсагина, ишга солиниши керак. Фармон ижроси қамоқ идораларининг виждонига ҳавола қилиб қўйилмаслиги керак. Бу ерда назорат механизмлари керак.

  • Кўплаб жамоат ташкилотлари, ассоциациялар ҳамда фондларнинг ёпилиши ҳақида нима дейсиз?
  • Вазият таҳлили шуни кўрсатаяптики, ҳукумат муаммонинг ечимини терроризмни молиялаштириш билан узвий кўрмоқда. Бу ерда жамиятда плюрализм ҳамда фуқаролик институтлари ролини унутмаслик керак. Терроризмни молиялаштириш исботланиши ҳамда кўрилаётган чоралар мулк ҳуқуқига тажовуз қилмаслиги керак. Қатор мактаб ва университетларнинг ёпилиши ҳамда кўп сонли соҳа вакилларининг фаолиятдан четлаштирилиши нозик мувозанатни талаб қилади. Бундай кўламдаги шахслар назарда тутилаётган бир пайтда ўзбошимчалик билан иш тутиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам ҳукумат тафтиш механизмларига эга бўлиши керак. Ваҳоланки, фавқулодда ҳолат доирасида жорий қилинган фармонда бунинг унсурлари йўқ.
  • Аммо фармоннинг мақсади айнан назорат механизмларидан қочиш эмасми?
  • Ҳукумат фармон ижросини назорат қилишни мақсад қилади. Чунки фавқулодда ҳолатларда ҳам тегинилмайдиган ҳуқуқ ва эркинликлар бор. Масалан, айбдорлиги исботланмагунча айбсизлик презумпциясига риоя қилиш учун назорат механизмлари самарали ишлаши керак бўлади. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси ижросининг ҳукумат томонидан вақтинча тўхтатиб қўйилиши Туркиянинг Европа Иттифоқи сари интилишларига тўсиқ бўла олмайди.
  • Ҳукуматнинг иддао қилишича, фавқулодда ҳолат демократияни ҳимоя қилиш учун эълон қилинган. Аслида тескариси эмасми?
  • Ушбу мурожаатнинг мақсади нима? Ҳукумат тўнтаришда иштирок этмаганларга мурожаат қиляптими ёки бутун жамиятга? Назаримда, кўпроқ биринчисига қаратилган. Аммо шуни ҳам ўйлайманки, фавқулодда ҳолат бутун жамиятга чуқур таъсир кўрсатмайди. Ҳукумат буни хоҳламайди. Кўзда тутилган чораларнинг барчаси ҳам амалга оширилмайди. Кўпроқ барқарорликка урғу берилади, ижтимоий ва сиёсий консенсус варианти танланади.
  • Эрдўғаннинг айрим танқидчиларига кўра, у ушбу имкониятдан мамлакатдаги ўзгача фикрлайдиганларни қўрқитиш мақсадида фойдаланади.
  • Мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинишини фақатгина 15 июлдаги ҳарбий тўнтариш билан боғлаш ноўрин. Туркия “Ислом давлати” террористик ташкилотига, “Курдистон ишчилар партияси”га қарши ҳам ҳарбий амалиёт олиб бормоқда.

Фавқулодда ҳолат тартибига кўра, маҳаллий маъмуриятлар томонидан қабул қилинган бирор бир қарор маҳаллий губернаторлар томонидан маъқулланмагунча кучга кирмайди. Шунинг учун ҳам, менинг фикримча, фавқулодда вазият мамлакат жануби шарқидаги нотинчлик билан ҳам боғлиқ. Ҳукумат янги вазиятдан “Курдистон ишчилар партияси”га қарши курашда ҳам фойдаланади. Биз ҳалигача фавқулодда доирасида қабул қилинган фармон ижроси чоғида айнан ҳукуматга мухолиф бўлгани учун фуқаролар мўлжалга олинаётгани ҳақида аниқ далилларга эга эмасмиз. Афсуски, фавқулодда вазиятлар фавқулодда чораларга йўл очади. Буни назорат қилиш имконияти жуда чегараланган.

  • Суд тизимида кенг кўламли тозалаш ишлари кетаётган бир пайтда одил судлов ҳақида гапириш қанчалик ўринли? Туркияда кўпчиликнинг назарида мустақил бўлмаган судга қандай ишониш мумкин? Кўпчилик гуленистлар тарафдори бўлган судья ва прокурорлар ҳукуматга яқин бўлган кадрлар билан алмаштирилишидан хавотир олмоқда.
  • Туркияда суд тизими ҳеч қачон мустақил бўлмаган. У ҳар доим сиёсий таъсир учун мойил бўлган ва бугунги кунда ҳам шуни кузатаяпмиз. Янада ёмон бўлиши мумкинми? Ҳа, хавотирлар бор. Аммо ҳозирча улар шунчаки хавотирлардир холос. Умид қиламанки, вазият бундан ёмон бўлмайди. Омон бўлсак, кўрамиз.

Ҳусейн Эрсўз 1981 йилда таваллуд топган бўлиб, у журналист ҳамда ҳозирда парламент аъзоси Тунжай Ўзкан, лейтенант Меҳмет Али Челеби, Мустафа Гўкташ ва “Эргенекон” тўнтаришида айбланган қатор шахсларга адвокатлик қилган.

SHARE