Абдулазиз Комилов: Ўзбекистон Яқин Шарқда ядросиз ҳудуд ғоясини қўллаб-қувватлайди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов шу йилнинг 26 июль куни Жиддада бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Юқори мансабдор шахслари мажлисида Ташкилот ТИВ раҳбарлари Кенгашига раислиги давомида мамлакат олдига қўйилган долзарб вазифаларни санаб ўтди. Вазирнинг мажлисдаги 18−19 октябрь кунлари Тошкентда ўтказиладиган ИҲТ ТИВК 43- сессиясига тайёргарликка бағишланган нутқининг матни ТИВ матбуо хизмати томонидан эълон қилинди.

Газета.uz сайтининг ёзишича, Ўзбекистоннинг ТИВКдаги раислиги «Таълим ва маориф — тинчлик ва яратувчанлик сари йўл» шиори остида ўтади. Ўзбекистон раислиги давомида ИҲТнинг мусулмон давлатлар форуми самарадорлиги ва нуфузини оширишдаги ролини мустаҳкамлаш, ташкилотнинг маданий-гуманитар салоҳиятини кучайтириш масалаларига алоҳида урғу қаратиш бўйича иш олиб боради, дея маълум қилди Абдулазиз Камилов.

Ўзбекистоннинг раислик давомидаги муҳим вазифалари тўғрисида сўзлар экан, вазир ИҲТга аъзо давлатларнинг интеллектуал, илмий-техник ва технологик салоҳиятини мустаҳкамлаш ва тараққий эттириш заруриятини таъкидлаб ўтди.

ИҲТ кун тартибида илм-фан ва техникани ривожлантириш масалалари алоҳида ўрин тутиши лозим, дея ўз сўзини давом эттирди у. «Барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни янги инновацион технологиялар, илм-фан ва техниканинг бошқа муваффақиятларини амалиётга татбиқ этишни йўлга қўйишга қаратилган кенг кўламли илмий-техник кооперацияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди».

Хавфсизлик масаласи ҳам минтақанинг алоҳида давлатлари, ҳам бутун мусулмон дунёсида тараққиётга тўсқинлик қилаётган жиддий омил сифатида қолмоқда, қайд этди Абдулазиз Камилов. «Хавфсизлик масаласини ҳал этишда ИҲТга аъзо давлатларнинг бирдамлигини таъминлаш, улар ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этиш, терроризм ва экстремизм мафкурасига қарши курашда уларнинг кучларини бирлаштириш муҳим роль ўйнайди», — таъкидлади у.

Ўзбекистон олдида турган яна бир муҳим вазифа ядро қуролидан ҳоли ҳудудлар географиясини кенгайтиришдан иборат. Мамлакат Яқин Шарқда ядросиз ҳудуд ғоясини қўллаб-қувватлайди, қайд этди Абдулазиз Камилов.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўз чиқишида ИҲТ олдида вужудга келган хавфсизликка глобализация жараёнларининг жадаллик билан ривожланаётгани ва давлатлараро муносабатлардаги чуқур ўзгаришлар билан боғлиқ янги чақириқ ва таҳдидларга ҳам тўхталиб ўтди.

«Мазкур шароитларда ИҲТнинг бағрикенглик, маданий ҳурмат, ҳам ислом дунёси ичида, ҳам турли эътиқодлар ва халқлар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашдаги аҳамияти янада ортади. ИҲТ фаолиятидаги можароларни тинчликсевар, сиёсий-дипломатик, олдини олишга қаратилган усулларини топиш ҳамда уларга ўз вақтида жавоб қайтариш каби тамойиллар долзарблиги ортади», — қайд этди вазир.

Ўзбекистон 1996 йилдан буён ИҲТ аъзоси ҳисобланади. Жорий йил бошида мамлакат ИҲТнинг 2008 йилда қабул қилинган Низомини ратификация қилди.

SHARE