“MAN” кабиналари Ўзбекистонда тайёрланади

    “JV Man Auto Uzbekistan” қўшма корхонасининг Самарқанддаги сервис ва диллерлик марказида оғир юк кўтарувчи “MAN” транспорт воситалари учун кабиналар ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилди.

    ЎзАнинг хабар беришича, 2009 йилда “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси ҳамда Германиянинг дунёга машҳур “Man Truck&Bus Group” компанияси ҳамкорлигида “JV Man Auto Uzbekistan” қўшма корхонаси ташкил этилиши билан Ўзбекистонда оғир юк кўтарадиган “MAN” автомобилларини ишлаб чиқариш ва уларга техник хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Бугунги кунда мазкур корхонада тўлиқ вазни 16 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобиллари ва махсус транспорт воситалари ишлаб чиқарилмоқда.

    JV Man Auto Uzbekistan” қўшма корхонаси янги лойиҳалар ва маҳаллийлаштириш департаменти директори Ойбек Аюбовнинг маълум қилишича, “Man Truck&Bus АG” саъй-ҳаракатлари билан корхонада тайёрланаётган “MAN” оғир юк кўтарувчи транспорт воситалари учун йилига 3 минг дона кабина ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича лойиҳа амалга оширилди. Бунинг учун заводга Германия, Италия ва бошқа давлатлардан янги, замонавий технологиялар келтириб ўрнатилди.

    Кабина ишлаб чиқариш жараёни пайвандлаш, бўяш ва йиғиш циклида амалга оширилади. Кабинанинг металл панеллари Хитойдаги “SINOTRUK IMPORT&EXPORT CO LTD” компанияси томонидан етказиб берилади ва корхонада пайвандланади. Сўнгра Самарқанд автомобиль заводи бўяш цехи базасида емирилишга қарши қатлам сурилиб, бўялади. Бўялган кабиналар “JV Man Auto Uzbekistan” қўшма корхонасига келтирилиб, ички ва ташқи жиҳозларини ўрнатиш каби сўнгги йиғув ишлари бажарилади.

    Кабиналарни серияли ишлаб чиқаришга жорий йилнинг сентябрь ойидан киришилади.

    SHARE