Абитуриент Турин политехника университетига кириш имтиҳонларида энг юқори 100 баллдан барчасини тўплай олди

    Тошкентдаги Турин политехника университетига ҳужжат топширган абитуриент Ҳамиджон Эгамов кириш имтиҳонларида энг юқори 100 баллдан барчасини тўплай олди. Бу Олий таълим муассасаси рўйхатга олинган муддат давомидаги энг юқори балл бўлди, дея хабар қилмоқда университет.

    Кириш имтиҳонлари 27 июнь куни Андижонда (Фарғона водийси абитуриентлари учун) ва 11−12 июль кунлари Тошкентда (қолган ҳудудлар учун) бўлиб ўтди. Қабул квотаси 350 нафарни ташкил этган ҳолда 1033 киши ариза топширди. Бир ўринга танлов 2,9 кишини ташкил этди (солиштириш учун: ўтган йили камроқ квота — 250 киши бўлган ҳолатда бир ўринга 2,7 киши кураш олиб борган эди).

    Тест синовларини олиб бориш устидан назорат Италиядан ташриф буюрган саккиз кишилик гуруҳ томонидан амалга оширилди.

    Тошкентдаги Турин политехника университети Президентнинг 2009 йил 27 апрелдаги қарори асосида таъсис этилган эди. Худди шу йили илк талабалар қабул қилинди. ОТМда магистратура бўлими 2013 йил очилган.

    SHARE