Тошкентдаги ИНҲА университети кириш имтиҳонлари онлайн намойиш этилди

Шу йилнинг 29 июль куни 1433 нафардан зиёдроқ абитуриент Тошкентдаги ИНҲА университетидаги кириш имтиҳонларида қатнашди. Бу ҳақида жараёнларни бевосита кузатган «Газета.uz» мухбирлари хабар тарқатди.

Имтиҳонлар ўтган йилдаги каби «Ўзкўргазмасавдо» Республика кўргазма-ярмарка марказида бўлиб ўтди. Мавжуд тўпланган тажрибалар эвазига имтиҳон тадбири пухта ва тўхталишларсиз ташкил этилди.

Gazeta.uz
Gazeta.uz

2016−2017 ўқув йилида таълим инглиз тилида олиб бориладиган Тошкентдаги ИНҲА университетида 330 нафар талаба қабул қилиш режалаштирилган. Компьютер ва дастурий инжиниринг йўналишига 250 талаба, қўшимча равишда 80 нафари янги ташкил этилган логистика факультетига қабул қилинади.

Бир ўринга ўртача 4,3 абитуриент тўғри келди. Бу ўтган йилги бир ўринга 3,2 номзодга нисбатан 1,8 баробар кўп демакдир. Бунда компьютер ва дастурий инжиниринг факультетига танлов 3,76 нафарни ташкил этса, логистикага бир ўрин учун 6,15 номзод курашди.

gazeta.uz
gazeta.uz

«Имтиҳон жараёнини очиқ ва ошкора ташкил этишга қарор қилганимиз бу йилги янгиликлардан бўлди, — деди Тошкентдаги ИНҲА университети ректори Шерзод Шерматов. — Биз имтиҳонлар жараёнини кўриш учун ОАВ вакиллари ва ота-оналарни таклиф этдик. Шунингдек, жараёнларни онлайн режимда ҳам кузатиш мумкин».

Абитуриентларнинг жавоблари махсус хатжилдларга солиниб, муҳрланди ва текшириш учун Жанубий Кореяга юборишга тайёрлаб қўйилди. Имтиҳон натижалари 12 август куни Тошкентдаги ИНҲА университети сайтида эълон қилинади.

Эътиборли жиҳати, ушбу жараён, айниқса, онлайн трансляциянинг йўлга қўйилгани жамоатчилик, шу жумладан, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларидан кенг муҳокама қилинди.

Диёр Имомхўжаев ўзининг фейсбукдаги саҳифасида шундай ёзади:

“Инҳа университетига тасанно. ОАВ вакиллари кириш имтихонларида иштирок этиши, абитуриентларнинг ота-онаси эса имтихон жараёнини онлайн кузатиши мумкин.

Мана шундай универларнинг кўпайишидан манфаатдормиз. Шаффофликни университетга кириш учун имтихон топширилаётган вақтда ҳам энг асосий мезон деб билаётганлари учун раҳмат. Аслида шаффофлик ҳамма соҳада бўлганида эди…

Муҳими замон билан ҳамнафас бўлишга, одилликка бўлган интилиш бор. Қолганлар ҳам ўрнак олсин”.

Хушнудбек Худойбердиев:

“Мана буни янгилик деса бўлади!!!

Тошкентдаги Инҳа университети ўзининг илк имтиҳонидаёқ кўпчиликни, шу жумладан, шахсан мени ҳайратга солганди.

Жорий йилги кириш имтиҳонларида янада замонавий методлардан фойдаланиляпти. Масалан, имтиҳон жараёнларида ОАВ вакиллари бевосита иштирок этишлари мумкин.

Энг ажойиб ва “даҳшатли” янгилик эса, абитуриентларнинг ота-оналари, кенг жамоатчилик имтиҳон жараёнларини онлайн видео орқали кузатишлари мумкин. Ана шаффофлик, ана холислик, ана адолат!

Давлат ОТМлари учун 1 августда ўтадиган имтиҳонларда ҳам шу каби янгиликлар қачондир бўладими? ДТМ фақат аризалар сонини онлайн кўрсатиш, тест натижаларини текин ва пулли кўрсатиш билан чекланадими?”

SHARE