Тошкентда йирик автомобиль йўл ўтказгичи қурилмоқда

Шу йилнинг май ойидан буён Муқимий ва Шота Руставели кўчалари кесишувида қурилаётган радиуси 150 даража бўлган автомобиль йўл ўтказгичи сентябрь ойига фойдаланишга топширилади. Мазкур йўл ўтказгич Ўзбекистонда бундай турдаги биринчи сунъий иншоот бўлади. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизматига таяниб Gazeta.uz хабар берди.

Муқимий ва Бобур кўчаларини боғловчи йўл ўтказгичнинг умумий узунлиги 1 километрга яқинроқни ташкил этади.

Бу ерда пиёдалар учун ўтган йили Ҳадра майдонида қурилгани каби ер усти ўтиш йўли барпо этилиб, лифт ва эскалаторлар билан таъминланади.

Темирйўлчилар иштирокида яна бир объект — Оқтепа майдонида транспорт боғламаси бунёд этилмоқда.

Бу ерда Бўржар анҳори орқали сув ўтказувчи қувур қурилиб, мазкур бетон конструкция бўйлаб автомобиль йўли ўтади. Анҳордан ўтувчи кўприк ҳам кенгайтирилмоқда.

Қурилаётган иккита ер усти пиёдалар йўлаги лойиҳасида лифт ва эскалаторларнинг бўлиши кўзда тутилган.

Лойиҳа доирасида ўтказиш қисмларини кенгайтириш билан боғлиқ таъмир ишлари Нурафшон кўчасида ҳам олиб борилмоқда. Бунёдкорлик ишлари муқаддам трамвай йўли ётқизилган кўчалар — Оқтепа майдонидан Муқимий кўчаси бўйлаб, сўнгра Шота Руставели ва Қушбеги кўчасидан Кичик ҳалқа йўли билан Шимолий вокзал орқали Тараққиёт кўчасига қадар олиб борилмоқда.

Барча объектлардаги қурилиш ва реконструкция ишлари сентябрь ойига қадар якунланади.

SHARE