Ўзбекистонда кўчмас мулк объектлари ялпи хатловдан ўтказилади

Ўзбекистонда 2017 йил охирига қадар жисмоний ва юридик шахсларга тегишли кўчмас мулк объектлари ялпи хатловдан ўтказилади. Шу ҳақдаги 3 августда қабул қилинган ҳукумат қарори матни Lex.uz сайтида эълон қилинди.

Газета.uz сайтининг ёзишича, хатловни ўтказишдан мақсад кадастр ҳисобига олишни такомиллаштириш, жисмоний ва юридик шахсларга тегишли кўчмас мулк объектлари (ер участкалари, бино ва иншоотлар)дан фойдаланганлик учун асосланган солиқ солишни таъминлашдан иборат.

Бундан ташқари, «Электрон ҳукумат» тизими доирасида «Кадастр ва кўчмас мулкни рўйхатга олиш тизимларини модернизация қилиш» лойиҳасини амалга ошириш ҳам кўзда тутилган.

Хатлов натижасига кўра барча объектлар Маълумотларни йиғиш ва ишлов бериш механизмини стандартлашни ҳисобга олган ҳолда кадастр ахборот тизимига ҳисобга қўйилади.

Хатлов доирасида ер участкалари, бинолар, иншоотлар ва кўп йиллик дарахтзорларнинг эгалари, улардан фойдаланувчилар, ижарачилари ва мулкдорлари ҳамда улар эгаллаб турган ер участкаларининг майдонлари, бино ва иншоотларнинг ҳажми, дарахтларнинг турлари ва сони аниқланади.

Хатлов бўйича ишчи гуруҳга кўчмас мулк объектларини текшириш, ер участкаларини суратга олиш, бино ва иншоотларнинг ташқи ва ички ўлчамларини ўлчаш, кўп йиллик дарахтларнинг турларини ва сонларини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилди.

Мутахассисларнинг фикрича, бу қарор билан асосан қишлоқ жойлардаги кўчмас мулк объектлари қамраб олишга ҳаракат қилинади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил май ойида Жаҳон банки Ўзбекистонда  кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш ва кадастр тизимини модернизация қилиш лойиҳасини амалга ошириш учун 20 миллион АҚШ долларлик кредити ажратиш тўғрисида қарор қабул қилган эди.

Лойиҳадан кўзланган мақсад — мамлакат электрон ҳукумат тузилмаси ва хизматлари таркибига кирувчи кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш ва кадастр тизимини яхшилаш ҳамда ундан фойдаланиш самарадорлигини оширишдан иборатдир.

Умумреспублика миқёсида амалга ошириладиган лойиҳа Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси таркибида ягона кўчмас мулк электрон реестри ва кадастрни яратишга йўналтирилган.

Кўчмас мулк реестри ва кадастр маълумотларидан эркин фойдаланишни таъминлашга эришиш орқали тадбиркорлик муҳитида шаффофликни мустаҳкамлаш ва ошириш пировард натижада Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиши, иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва уй хўжаликлари фаровонлигини ошириш учун қулай шароитларни яратишни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.

SHARE