Ўзбекистонлик ижодкор халқаро адабиёт танловида иштирок этмоқда

Ўзбекистонлик ёзувчи Шариф Аҳмедов халқаро адабиёт танловида иштирок этмоқда. Бу ҳақида танлов ҳайъати сайтида маълум қилинган.

Шарифжон Аҳмедов – ёзувчи ва таржимон. 1969 йилда Андижоннинг Асакасида туғилган. ТошДУ журналистика факултетини тамомлаган. Лотин Америкаси адабиёти тадқиқи билан шуғулланади. Хорхе Луис Борхес, Хулио Кортасар, Карлос Фуэнтес каби адибларнинг ўнлаб ҳикояларини ўзбек ўқувчиларига тақдим этган. Шунингдек, Лубнон асилли файласуф адиб Жуброн Халил Жуброн қаламига мансуб “The Prophet” (ўзбекчада “Ал Мустафо”) асарини ҳам маҳорат билан ўгирган. Айни пайтда Нидерландияда истиқомат қилади.

“Очиқ Евроосиё” деб номланган мазкур адабий танлов 2012 йилдан бери ўтказиб келинади. Унда ёзувчилар, шоирлар, таржимонлар, иллюстраторлар ҳамда режиссёрлар иштирок этиши мумкин.

2016 йилги танловга 1200 дан ортиқ иш келиб тушган. Унинг мукофот жамғармаси 32 минг АҚШ долларини ташкил этади.

SHARE