Икки нафар ўзбекистонлик талаба АҚШда таълим олишади

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) талабалари Америка Қўшма Штатларининг етакчи университетларида таълим олиш имкониятини қўлга киритдилар. Бу ҳақда университет сайтида хабар берилди.

IUT учинчи курс талабалари Юлдуз Ходжаева ва Нуруддин Иминохунов Global Undergraduate Exchange Program (Global UGRAD) дастури доирасидаги стипендияларни ютиб олдилар.

Қўшма Штатлар Давлат департаменти Таълим ва маданият масалалари бюросининг Евросиё ва Марказий Осиёдаги Талабалар алмашиш бўйича глобал дастури (Global UGRAD) 1-, 2-, 3- ва 4-курсда ўқиётган талабалар учун Қўшма Штатларда фақатгина бир ўқув семестри давом этадиган ўқиш имкониятини яратиб беради.

Танлов натижасига кўра, Юлдуз Ходжаева Сейнт Клауд Стейт Университетида (St.Cloud State University), Нуруддин Иминохунов эса Миссиссиппи Университетида (University of Mississippi) ўқиш имкониятини қўлга киритдилар.

Нуруддин Иминохуновнинг айтишича, ушбу дастур унга сунъий тафаккур, тармоқ ва бошқа йўналишлар бўйича билим олиш имкониятини яратади. “Миссиссиппи Университетида Саноат ҳамкорлиги маркази фаолият юритади ва мен унинг ёрдамида назарий билимларни мустаҳкамлаб олиш ниятидаман”, қўшимча қилди у.

SHARE