Япониялик археолог Кюдзо Като 94 ёшида Термизда вафот этди

12 сентябрь куни Термиз шаҳридаги шифохонада Ўзбекистон қадимий шаҳарларини ўрганиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги илмий алоқалар ривожига катта ҳисса қўшган япониялик археолог олим Кюдзо Като 94 ёшида вафот этди. Бу ҳақда “Жаҳон” АА маълум қилди.

Кюдзо Като 1922 йилнинг 18 майида туғилган бўлиб, Сока (Осака) университети профессори, тарихчи, этнограф-археолог, таржимон, 20 га яқин илмий тадқиқот ва мақола муаллифи эди.

Таъкидлаш жоизки, япон олими 40 йилга яқин вақт давомида Ўзбекистонда илмий тадқиқотлар ўтказди. Като Марказий Осиё тарихи ва маданиятига оид бир қатор асарларга муаллифлик қилди.

Профессор Като кўп йиллар давомида Далварзинтепа, Қоратепа ва Фаёзтепа шаҳар харобаларидаги будда ёдгорликларини ўрганиш мақсадида уюштирилган халқаро ўзбек-япон археологик экспедицияларининг тадқиқотларига раҳбарлик қилди.

2002 йилда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов фармони билан «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.

 

SHARE