Шавкат Мирзиёев Самарқандда Имом Бухорий халқаро тадқиқотлар марказини ташкил қилишни таклиф этди

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг очилиш маросимидаги нутқида  нафақат ислом маданияти, балки умумбашарий цивилизацияга беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг кўп қиррали диний-маънавий меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий тадқиқотлар марказини ташкил этишни таклиф қилди.

Шавкат Мирзиёевга кўра, бундай марказнинг Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида яратилиши мантиқий иш бўлур эди. Буни бир қатор қулай омиллар тақозо этмоқда:

биринчидан, Самарқанднинг мусулмон маданияти дурдоналаридан бири эканлиги билан боғлиқ дунё цивилизациясидаги мумтоз ўрни;

иккинчидан, энг буюк мусулмон мутафаккирларидан бири, барча муҳаддислар пешвоси Имом Бухорийнинг табаррук мақбараси жойлашган ушбу минтақага хос бўлган алоҳида маънавий-руҳий муҳит.

Таклиф этилаётган тадқиқот маркази Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳомийлигида «Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро тадқиқотлар маркази» деган улуғвор ва рамзий номга эга бўлиши мумкин бўлур эди.

“Умид қиламизки, бизнинг ушбу ташаббусимизни Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Бош котиби Ияд Маданий Жаноби олийлари қўллаб-қувватлайдилар ва бу лойиҳани амалга оширишда керакли кўмакни берадилар”, деди Шавкат Мирзиёев.

SHARE