Сарвар Отамуратов: “Лотин алифбосини ўзлаштирмаслик натижасида авлодлар ўртасида қандайдир узилиш сезилмоқда”

ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси Сарвар Саъдуллаевич Отамуратовнинг Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси V Cъездидаги маърузасида сайловолди дастурини эълон қилди. Унда ўзбек тилини ривожлантириш масаласига урғу берилган.

Тил миллатнинг энг олий қадриятидир. Шундан келиб чиқиб, қадимий ва бой тарихга эга бўлган, мустақиллик туфайли қадр-қиммати тикланган, ҳозирда кечаётган глобаллашув даврида замонавий тараққиётнинг барча соҳалари талабларига жавоб берадиган даражада имкониятга эга бўлган тилимиз ривожини янги босқичга кўтариш учун давлат тилини бойитиш, янада такомиллаштиришга, давлат тили сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш ва унинг тўла амал қилишига эришиш, тил маданиятини янада юксалтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқишни етакчи вазифалардан бири сифатида кўрмоқдамиз.

Шу ўринда бир нарсани таъкидлашни ўринли деб биламан. Мамлакатимиз мус­тақилликка эришган дастлабки йилларда, яъни 1993 йилда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган эди. Орадан 23 йил ўтган бўлса-да, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ҳаётимизда узил-кесил ўз ўрнини топгани йўқ. Ушбу масалада саволлар ниҳоятда кўп. Биз фарзандларимизни лотин алифбоси асосида ўқитдик ва ўқитиб келаяпмиз. Лекин, ўсиб келаётган ёш авлоднинг маърифий ва маънавий эҳтиёжларини зарур даражада қондириш учун фаннинг барча соҳалари, таълим, адабиёт ва матбуотда лотин ёзувига асосланган ўзбек тилида китоблар, газета ва журналлар етарли даражада нашр қилиняптими?

Катта авлоднинг кўпгина қисми эса лотин алифбосини ўзлаштирмаган. Бу масалада авлодлар ўртасида қандайдир узилиш сезилмоқда. Мазкур муаммони биз жамоатчилигимиз билан бирга узил-кесил ҳал қилишимиз керак.

Ижтимоий ҳаётимизнинг кўпгина соҳаларида давлат тилининг қўлланилиши ва унинг қоидаларига риоя этилишида ҳали-ҳамон камчиликлар учраб турибди. Хусусан, оммавий муомалада, кўчаларда жойлаштирилган ташқи ёзувларда, реклама ва эълонларда, оммавий ахборот воситаларида ҳали-ҳамон ўзбек адабий тили меъёр ва қоидалари қўпол бузилмоқда. Ушбу муаммо газета ва журналларда, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари томонидан ҳар бир туман ва шаҳарда муҳокама қилинган бўлса-да, лекин сезиларли ўзгаришлар бўлгани йўқ.

SHARE