Сиэтлда Наврўз нишонланди

Вашингтон штатининг ушбу йирик шаҳрида Наврўз байрами муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди. Тадбир Сиэтл-Тошкент биродарлашган шаҳарлари уюшмаси томонидан ташкил этилди. Бу ҳақида “Жаҳон” АА хабар тарқатди.

Тантанали кечада Сиэтл шаҳри маъмурияти ва уюшмалари ходимлари, Вашингтон штати университетлари ўқитувчилари ва талабалари, маҳаллий жамоатчилик ҳамда АҚШда истиқомат қилувчи Ўзбекистон, Марказий Осиё ва МДҲнинг бошқа давлатлари вакиллари қатнашдилар.

Сиэтл-Тошкент биродарлашган шаҳарлари уюшмаси вице-президентлари Д.Петерсон ва С.Пирс ташкилот номидан Ўзбекистон халқини Наврўз байрами билан қутлаб, омад ва бахт тиладилар. Маърузачилар мазкур байрамнинг теран аҳамиятига эътибор қаратдилар ва инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва ўзаро кўмаклашиш каби умуминсоний қадриятлар билан тўйинган Наврўзнинг шаҳар фуқаролари орасида оммалашиб бораётганини таъкидладилар.

Сиэтл мериясининг халқаро ҳамкорлик бўйича вакили С.Желик шаҳар маъмуриятининг уюшма фаолиятига маданият, таълим ва ишбилармонлик алмашинувига ва умуман, Ўзбекистон ва Америка халқларининг ўзаро англашувига йўналтирилган ёрдами ҳақида тўхталди. У шунингдек, Ўзбекистон томонининг иккала шаҳар ҳамкорлигини кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида сўз юритиб, мериянинг Ўзбекистон делегациясини Сиэтлга ташрифини амалга оширишга кўмаклашишга тайёр эканини билдирди.

Тадбир доирасида мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси ходимлари маросим меҳмонларига Ўзбекистонда Наврўз байрами нишонланишининг аҳамияти, юртимиз ривожланишининг бугунги ҳолати, мустақиллик йилларида эришилган натижалар ҳамда ўзбек халқининг бой анъана ва урф-одатлари ҳақида маълумот бердилар.

Тадбир қатнашчиларининг асосий эътибори мамлакатимизнинг улкан сайёҳлик имкониятларига, Ўзбекистонда ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган кўплаб тарихий объектларнинг мавжудлиги ҳамда жадал ривожланаётган туризм ва транспонт саноатига қаратилди.

Байрам тантаналари чогъида ўзбек рақс усталари иштирокидаги маданий дастур, миллий либослар кўргазмаси ҳамда Ўзбекистон ҳақидаги суратлар намойиши бўлиб ўтди.

Navruz 2017 in Seattle.

Fazliddin Shamsiev 发布于 2017年3月27日

SHARE