Туркия иқтисодиёт вазири Ўзбекистонда виза масаласини кўтарди

Туркия Республикаси иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчи 25 май куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича IV Ҳукуматлараро комиссия йиғилишида ўз нутқини мамлакатимиз ҳақида илиқ фикрлар билдириш билан бошлади. Бу ҳақида kun.uz хабар тарқатди.

“Тўғрисини айтганда, ота юртимиз Ўзбекистонга келиб, чарчоқларимиз чиқиб кетди, бу ерга яна келишни мақсад қилдим. Бундай самимий меҳмондорчилик учун миннатдорчилик билдираман”.

Шундан сўнг Зейбекчи мақсадга ўтди, унинг сўзларига кўра, иқтисодий соҳада хатоларга йўл қўйиб бўлмайди, зеро бу соҳадаги хатолар кечирилмайди. Сиёсий алоқалар ривожи иқтисодий ва тижорий алоқалар ривожига боғлиқ. У томонлар тез-тез учрашиб туриши кераклигини таъкидлади.

“Инвестицияларга оид масалаларни тезроқ ҳал қилиш керак. Давлат раҳбарларимиз учрашишидан аввал тахминан июнь-июль ойларида Туркияда яна бир учрашув ўтказиш лозим”, – деди Нихат Зейбекчи.

У эртага, 26 май куни Туркия вакиллари “Ургут” эркин-иқтисодий зонасига бориши, у ердаги муҳит билан танишиши ҳамда келгусида у ерда турк тажрибаси қўлланишини таъкидлади.

“Миллий валютада тижорат қилиш муҳим, – дея сўзларини давом эттиради Зейбекчи. – Туркиядан миллионлаб кишилар ота юрти Ўзбекистонга келишни хоҳлайди. Бироқ бунда виза муаммоси мавжуд – шу масалада ёрдам берилишини сўраб қоламиз, зеро бу жуда муҳим масала. Туркияликлар Ўзбекистонда эмин-эркин ҳаракатланиши учун шароитлар яратилиши керак. Биз ҳам ўз ўрнида, Туркиядаги ўзбекистонликларга янада қулай шароитлар яратамиз”, – дея сўзларини якунлади Туркия иқтисодиёт вазири.

Умуман олганда, шу куни туркиялик қардошларимиз виза масаласини қайта-қайта тилга олишди ва бу борада ижобий ўзгаришлар юз беришига умид боғлашди.

Ўзбекистон бош вазир ўринбосари Рустам Азимов туркиялик ҳамкорларнинг мазкур таклифи чуқур ўрганиб чиқилишини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси бош вазир ўринбосари Рустам Азимов ва Туркия бош вазир ўринбосари Йилдирим Тугрул Туркеш раислиги остида ўтказилган йиғилишда қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:

  1. Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма иқтисодий комиссия тўртинчи йиғилишининг Баённомаси. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси бош вазир ўринбосари Рустам Содиқович Азимов ҳамда Туркия Республикаси бош вазир ўринбосари Йилдирим Тугрул Туркеш томонидан имзоланди;
  2. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ва Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазири учрашувлари Баённомаси. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Анвар Қурбонович Шарапов ҳамда Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазири Наби Авжи томонидан имзоланди;
  3. Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Туркия Республикаси ҳукумати ўртасида даромад солиқларига нисбатан икки ёқлама солиққа тортишни олдини олиш тўғрисидаги битимга ўзгартириш киритиш бўйича Баённома лойиҳаси парафирланди. Уни Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазири Ғаниев Элёр Мажидович ҳамда Туркия Республикаси Иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчилар имзолашди;
  4. Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Туркия Республикаси ҳукумати ўртасида Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги Битим лойиҳаси парафирланди. Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси Аҳмадхўжаев Азим Исроилович ва Туркия Республикаси иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчи томонидан имзоланди.
SHARE