Ўзбекистон ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки 1,5 миллиард АҚШ долларилик лойиҳаларни ишлаб чиқмоқда

Ўзбекистон ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки 1,5 миллиард АҚШ долларилик лойиҳаларни ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг Олий Мажлис Сенатидаги ҳисоботига асосланиб, “РИА Новости” хабар тарқатди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Ўзбекистон тарихида биринчи марта парламент юқори палатасида ҳисобот берди. У вазирликнинг мамлакат иқтисодиёти тармоғига ва минтақаларга хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб қилиш, туризмни ривожлантириш, давлатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга доир фаолияти ҳақидаги ҳисобот берди.

“Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорлик фаоллашмоқда, қарийб 1,5 миллиард долларлик қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда”, деди А. Комилов. Унинг фикрича, ушбу лойиҳалар транспорт ва коммунал инфратузилмаси, банк соҳаси ҳамда кичик бизнес соҳаларида амалга оширилади.

Шу йилнинг 16 март куни Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Сума Чакрабарти Ўзбекистонга ташриф буюриб, олий даражада учрашувлар ўтказган эди.

Эслатиб ўтамиз, ЕТТБ 1991 йилда тузилган бўлиб, унинг асосий мақсади бозор иқтисодиёти ва демократияни қўллаб-қувватлашдир. Банкнинг акциядорлари 65 та мамлакат, шунингдек, Европа Иттифоқи ва Европа инвестиция банки ҳисобланади.

Ўзбекистон ушбу молиявий институтга 1992 йилда қўшилган. Банк маълумотларига кўра, ЕТТБ Ўзбекистонда жами 899 миллион евролик 54 лойиҳани молиялаштирган. Ҳозирги кунда банк 8 миллион евролик лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

 

SHARE