Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгандан бери 44 милиард долларлик савдо-инвестициявий битимлар имзоланди

Ўтган йил сентябридан ҳозирги вақтгача бўлган давр мобайнида олий даражада 12 та ташриф ташкил этилди ва ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Туркманистон, Қозоғистон, Россия ва Хитойга буюрган давлат ташрифлари беҳад самарали бўлди. Уларнинг якунлари бўйича 37,7 миллиард АҚШ доллари ҳажмига тенг 239 та шартнома ва битимлар имзоланди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Олий Мажлис Сенатидаги ҳисоботида маълум қилди.

Савдо-иқтисодий ва сармоявий-технологик ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияларнинг 12 та йиғилиши, Ўзбекистон иқтисодий делегацияларининг хорижий мамлакатларга 130 маротаба ташрифи, чет эл бизнес-делегацияларининг республикамизга 266 та ташрифи бўлиб ўтди.

Умуман олганда, ўтган 9 ой давомида имзоланган савдо-сармоявий битимлар ва шартномаларнинг умумий сони 320 дан зиёдни, маблағ ҳажми бўйича 44 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Уларнинг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида 13 мамлакат билан амалий ҳаракатлар режалари (“йўл хариталари”) тасдиқланди.

Мамлакатларимиз маҳсулотлари экспортини кенгайтириш юзасидан яқин ва узоқ хориждаги мамлакатларга мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари, автомобил, қишлоқ хўжалиги ва маиший электр техникаларини етказиб бериш бўйича шартномалар тузишда миллий компанияларимизга, шунингдек, ўзбек корхоналарининг Россия, Қозоғистон, Украина, Покистон, Афғонистон ва бошқа мамлакатларда савдо уйлари очилишида хорижий эллардаги ваколатхоналаримиз томонидан кўмак кўрсатилди.

Тошкентда аккредитациядан ўтган дипломатия корпуси ва халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари, шунингдек, ўзимизнинг дипломатия ваколатхоналаримиз кўмагида ўтган йили Ўзбекистонга 240 миллион АҚШ долларидан зиёд ҳажмда чет эл грантлари ва техникавий ёрдам жалб этилди.

 

SHARE