Қимматга айланаётган “миллий ғурур”

Шу кунларда ўзбекистонлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари энг кўп муҳокама қилаётган масалалардан бири, шубҳасиз, GM-Uzbekistan қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган енгил автомобилларнинг миллий валютада сотилиши ҳамда унинг нархи жиддий ошганлигидир.

Ҳаммаси кутилмаганда, яъни Президент Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан бошланди. Президентнинг 26 майдаги “Женерал Моторс Ўзбекистон” АЖ ишлаб чиқараётган маҳсулотларга нархлар шаклланишини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 2017 йилнинг 1 июнидан бошлаб “Женерал Моторс Ўзбекистон” АЖнинг барча автомобиль моделларини ички бозорда миллий валюта – сўмга сотиладиган бўлди.

Айни пайтда 2017 йилнинг 1 июнигача тузилган шартномалар бўйича енгил автомобиллар етказиб бериш ва тўловларни қабул қилиш, шартномаларда назарда тутилган қатъий шартлар ва белгиланган муддатларда тўловларни халқаро пластик карточкалари орқали амалга ошириш белгилаб қўйилди. Бу қарор кўпчиликни хурсанд қилди. Чукни шу пайтда ўзбек автомобини ўзбек сўмида харид қилиш ўзбекистонликлар учун орзу бўлиб қолаётган эди.

Аммо бу хурсандчилик узоқ давом этмади. Компания расмий сайтида машиналарнинг янги нархлари эълон қилинди — улар аввалги нархларга нисбатан ўртача 25—30 фоизга юқори. Янги нархлар долларга «боғланган» ва сўмдаги нархлар ҳар ҳафта ўзгариб туриши мумкин. Бунга қадар машиналар ҳам сўм, ҳам АҚШ долларида (банк пластик картаси орқали) сотилар эди. GM Uzbekistan компаниясининг янгиланган прайс-листига кўра, эндиликда автомобиллар тўлов амалга ошириш куни МБ белгилаган доллар курси бўйича сотилади.

gazeta.uz

Мамлакат ғурурига айланган автомобиллар

Бундан йигирма бир йил аввал Асака автомобиль заводи ишга тушди. 1996 йил 19 июль куни Асакада «ЎзДЭУавто» қўшма корхонасининг расмий очилиш маросими бўлди. Ўшанда бу ерда уч русумдаги транспорт воситасини тайёрлаш йўлга қўйилган бўлса, ҳозирги кунга келиб, “GM Uzbekistan”да ишлаб чиқарилаётган машиналар модели ўн биттага етказилди.

Ўзбекистон расмий оммавий ахборот воситалари ёзишича, айни вақтда 52 автомобиль ишлаб чиқарувчи давлатдан бири бўлган мамлакат ишлаб чиқариш қувватлари бўйича биринчи ўттизталикдан жой олгани миллий автосаноатнинг халқаро нуфузи тобора ортаётганидан далолат беради. Бугун мамлакатда ҳар 100 оиланинг 42 таси енгил автомобилга эга.

Валюта бозорини ислоҳ қилишдаги илк қадам ташлашмиди?

Мустақил иқтисодчи Юлий Юсуповнинг UZ24 нашрига берган интервьюсида қайд этилишича, автомобилларнинг сўмга сотилиши «қора бозор»да доллар курси ошишини тўхтатиб қолиши даргумон. Лекин бу доллар курсининг ошишини чекловчи омил экани аниқ равшан. Нима учун? Чунки харидорлар автомобиллар учун сўмларни кўтариб келишдан аввал шу сўмларни қаердандир топишлари лозим. Бундай сўмларнинг манбаларидан бири эса аҳоли ва бизнеснинг тўплаб қўйган долларли жамғармаларидир, уларни сўмга айлантиришга тўғри келади. Ўз-ўзидан, валюта бозорда доллар кўпаяди ва унинг қиймати пасаяди ёки кутилганидан секинроқ ўсади. Бу бозор, талаб ва таклифнинг оддий қонунлари.

Боз устига, агар бирдан жуда кўплаб автомобиллар сотувга чиқарилса, бундай лаҳзаларда доллар курси вақтинча пасайиши ҳам мумкин. Бунга ҳам тайёр туринг.

Доллар курсининг ошиши, яъни, сўм курсининг пасайиши билан боғлиқ умумий тенденция бир қадар фундаментал сабабларга боғлиқ бўлиб, уларни бартараф этмай туриб, сўмнинг қадрсизланишини тўхтатиб бўлмайди.

Асосий сабаб — юқори даражадаги инфляция, яъни, товар ва хизматларнинг сўмдаги нархларининг ўсиши. Айнан инфляция сабабли мамлакат ичкарисида миллий валюта қадрсизланмоқда — биз ўша эски нархга борган сари камроқ ва янада камроқ маҳсулотларни сотиб олишимиз мумкин бўлмоқда, холос. Натижада сўм бошқа валюталарга нисбатан ҳам қадрсизланмоқда, буни валюта алмаштириш курсларини кузатиб, англаш мумкин.

Бошқа бир асосий сабаб — ташқи савдо шароитларининг ёмонлашувидир. Агар жаҳон бозорларида бизнинг экспорт товарларимиз нархи тушса, мамлакатга хорижий валюта кириб келиши суръатлари ҳам пасаяди. Оқибатда хорижий валюта қиймати ошади. Ҳозир экспорт қилинадиган кўплаб хом ашё товарларимизнинг жаҳон бозоридаги нархлари унчалик юқори эмас. Шу сабабли ҳам миллий валюта курси экспортдан келаётган валюта тушумлари билан қўллаб-қувватланмаяпти.

Ва сўнгги, учинчи фундаментал сабаб — Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкори ва ишчи кучларимиз импортчиси ҳисобланган Россиядаги иқтисодий инқироз. Бугунги кунда меҳнат муҳожирлари 2014 йилги рублнинг кескин қадрсизланишигача бўлган даврдагига нисбатан камроқ валюта жўнатмоқда, яъни, сўм курсини қўллаб туришда ҳозир улардан умид қилиш ўринсиз.

 

SHARE