Ўзбекистон Бош прокурори кўпчиликни ларзага солган жиноят ишини ўз назоратига олди

Она фарёди

Тошкентдаги Боровский номидаги тиббиёт коллежи ўқувчиси Жасурбек Иброҳимов 1 июнь куни 17 ёшида вафот этди. Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган ахборотга кўра, йигит олинган жароҳатлар оқибатида вафот этган. Бу хабар Ўзбекистон интернет сегментини ларзага солди. Ҳодиса ўсмир онасининг Президентга мурожаати ижтимоий тармоқларда эълон қилинганидан сўнг кенг жамоатчиликда катта акс-садо берди. Интернет айбдорларни топиш ва жазолашга чақириқлар билан тўлди. Кўплаб тошкентликлар марҳумнинг оиласини қўллаб-қувватлашга қарор қилиб, Дўстлик боғига йиғилишди ва ИИВ раҳбарияти тегишли петицияни имзолашда иштирок этди.

Ҳатто change.org сайтида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларига Жасурбек Иброҳимов қотилларини жазолаш бўйича петиция пайдо бўлди (Албатта, ушбу платформа Ўзбекистонда қандайдир ҳуқуқий таъсирга эга бўлади, дейиш нотўғри. Лекин уни жамоатчилик реакцияси, фикри сифатида қабул қилса бўлади).

Хабар беришларича, Жасурбек Иброҳимов бир ой аввал коллеждошлари томонидан аёвсиз дўппосланган, сўнг оғир жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган. Ўқувчи касалхонада тўрт марта операция қилингани, «бешинчи операцияга организм бардош бера олмагани» айтилмоқда.

Гумонланувчи тараф “қонун доирасида иш кўриш”га чақирмоқда

Пойтахтдаги Боровский тиббиёт коллежи ўқувчиси Жасурбек Ибрагимовга оғир тан жароҳати етказишда гумон қилинаётган Исломбек Тўлагановнинг ота-онаси ўғлининг айбини инкор этмасликларини, иш қонун доирасида кўриб чиқилишини хоҳлашини маълум қилишди. Абдужалил Расулов ва Зумрат Мамбетова якшанба куни Тошкентнинг Миробод туман ИИБда бўлиб ўтган брифингда журналистлар олдида чиқиш қилди.

Газета.uz сайтининг ёзишича, 1998 йилдан буён адвокат бўлиб ишлаган, ҳозирда нафақада бўлган Абдужалил Расулов ўз чиқишида ўғлининг айбини инкор этмаслигини маълум қилар экан, ҳодиса юзасидан муқобил талқинни тақдим этди. Унинг таъкидлашича, Жасурбек Ибрагимов гуруҳ бўлиб калтакланмаган, ўғли фақатгина бир марта зарба берган. Исломбек Тўлагановнинг ўзи, гувоҳларнинг сўзларига кўра, бир ўзи уришган.

«Биз жуда афсусдамиз. Мен ўғлим айбсиз эмас, деб айта олмайман», — дея сўз бошлади Абдужалил Расулов. 2 май куни у Исломбекни машғулотлар бошланадиган 13:30 да дарсга олиб бориб қўйган. Коллеж олдида Жасурбек бошқа ўқувчи Дилшод билан нима ҳақдадир гаплашган. Жасурбек Дилшоднинг синглисига хиралик қилганини билган Исломбек Дилшодга: «Дилшод ака, керакмас, унинг бошида жароҳати бор» деган ва кетган.

Кейинги куни бўлиб ўтган жанжалдан сўнг отаси видеокузатув қайдларини кўришнинг уддасидан чиққан. У журналистлар бўлиб ўтган воқеа юзасидан ўз талқинини батафсил сўзлаб берди.

Исломбек Тўлаганов ота-онасининг ишонч билдиришича, Жасурбек шифохонада ётган вақти унинг ота-онаси билан алоқада бўлиб турган, қўлдан келганича ёрдам берган. Улар Жасурбекка тазйиқ ўтказишга уринишмаганини маълум қилган. «Биз у билан бир дақиқача гаплаша олдик. Ҳеч қандай таҳдид бўлгани йўқ. Ундан фақатгина саломатлигини ва нима бўлганини сўрай олдик», — деди Абдужалил Расулов.

Исломбекнинг ҳозир қаерда экани тўғрисидаги саволга жавоб берар экан, ота-онаси унинг Тошкентдалиги ва аҳволи оғирлигини маълум қилишди.

Бош прокурор Иброҳимов ишини шахсан назорат қилмоқда

Тошкент шаҳридаги  Боровский тиббиёт коллежи ўқувчиси Жасур Иброҳимовнинг ўлими бўйича жиноят иши юзасидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев томонидан шахсан назоратга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати маълум қилган.

Ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Хабарда айтилишича, 4 июнь куни жиноят иши Тошкент шаҳар прокуратураси иш юритувига қабул қилинган. Тўпланган далиллар мажмуи асосида Исломбек Тўлаганов Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган ва унга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Айни вақтда жиноятга алоқадор шахслар доирасини аниқлаш юзасидан тегишли тезкор-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

SHARE