Туробжон Жўраев Самарқанд вилоятига раҳбар этиб тайинланди

13 июнь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тавсиясига биноан Самарқанд вилоятига шу вақтгача Бекобод тумани ҳокими сифатида ишлаб келган Туробжон Жўраев ҳоким вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилишича, сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Нигматович Арипов қатнашди ва Ўзбекистон Республикаси Президент Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Самарқанд фаолларига, депутатларига билдирган фикрлари, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги хато ва камчиликларга тўхталди.

Бундан ташқари, 2017 йилнинг мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани муносабати билан бу борада маҳаллий ҳокимлик ва бошқарув органлари олдида турган вазифаларга алоҳида эътибор қаратди. Раҳбарларнинг халқ ичига кириб, аҳоли билан самимий мулоқот қилиши, уларнинг дарду ташвишларини тинглаб, муаммоларга ечим топиши халқимизнинг давлатдан рози бўлиши ва турмуши фаровонлигига хизмат қилиши таъкидланди.

Шу пайтгача вилоят ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Окбутаев Химмат Кучкаровични вазифасидан озод этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тавсиясига биноан Жўраев Туробжон Икромович Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланди.

Жўраев Молия вазири ўринбосари, Халқ таълими вазири сифатида ишлаган (2004—2008 йй), кейинроқ 2008—2011 йилларда Сурхондарё вилоятида ҳоким бўлган. Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов 2011 йилнинг кузида уни Қашқадарё вилоятига ҳоким этиб тайинлаган, 2013 йилнинг сентябрида эса у қаттиқ танқид қилиниб, ишдан олинганди.

У шу йилнинг апрелида раҳбарлик лавозимига қайтарилган, Тошкент вилояти, Бекобод тумани ҳокими сифатида иш бошлаганди.

Шу пайтга қадар вилоятни бошқариб келган Ҳиммат Оқбўтаев Мазкур “ҳудудда барпо этилаётган объектларни қуриш, инвестиция маблағларини ўзлаштириш ишлари оқсаётгани, экспортга чиқариладиган маҳаллий маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш таъминланмаётгани, қолаверса, шаҳар ва туманларда ободончилик, одамлар учун қулай, тоза-озода муҳит яратиш масалалари ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, вилоят молия ва солиқ идоралари солиқ базасини кенгайтириш имкониятларини излаш ва уларни тўлиқ ишга солиш ишлари билан етарли даражада шуғулланмаётгани ҳамда ана шу муаммоларни ҳал этиш, бу йўлда бутун Самарқанд аҳлини бирлаштириш ва ўз ортидан эргаштириш учун билим ва салоҳият, раҳбарлик тажрибаси етишмагани” учун ишдан олинган эди.

SHARE