Шавкат Мирзиёев: “Одам қаерда бўлса ҳам ишлаши, оиласи, бола-чақасини боқиши керак”

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжумандаги нутқида ҳозирги вақтда ёшлар, айниқса, чет элда ишлаб, ҳалол меҳнат билан даромад топаман, деб юрган фуқароларимиз терроризм ва экстремизм чангалига тушиб қолмаслиги учун барча чоралар кўрилаётганини қайд этди.

    Авваламбор, қўшни давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга алоҳида аҳамият бериляпти. Мақсад улар билан рақобат қилиш эмас, балки ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, умумий муаммоларни биргаликда ечишдан иборат.

    Шу мақсадда Туркманистон ва Қозоғистон Республикасига қисқа муддатда икки марта ташриф билан борилди. Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Саудия Арабистонига ташрифлар ҳам самарали бўлди.

    “Россия Федерациясига давлат ташрифи чоғида меҳнат миграцияси бўйича муҳим келишувга эришдик. Бизнинг бу борадаги позициямиз аниқ: одам қаерда бўлса ҳам ишлаши, оиласи, бола-чақасини боқиши керак. Лекин у ҳалол меҳнат қилиши, қонуний йўл билан даромад топиши лозим. Бунинг учун давлатимиз барча шароитларни яратиб беришга тайёр. Аммо яратилган имкониятлардан тўғри фойдаланмасдан, эгри қадам босадиган, эл-юртимизга иснод келтирадиган кимсалар – уларни нонкўр десак, тўғри бўлади – бундай шахслар билан бошқача иш олиб борамиз. Буюк шоиримиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур айтганидек, “Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур, Ҳар кимки жафо қилса, жазо топқусидур”, деди Шавкат Мирзиёев.

    Президентнинг қайд этишича, зарарли диний оқимга кирган болани “Бу – қўшнининг боласи, бошқа қишлоқ ёки туманнинг боласи”, деб лоқайд бўлаётганлар ҳам орамизда йўқ эмас. Кимдир четга чиқиб, экстремистларга қўшилиб юрган бўлса, баъзи раҳбарлар, у Фарғонадан эмас, Андижондан, Қашқадарёдан эмас, Самарқанддан, деб бепарво бўлмоқда. Лекин у Ўзбекистон фарзанди, Ўзбекистон фуқароси-ку!

    Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда давлат давлатчилигини қилади, қонун устувор бўлади. Худога шукур, давлат раҳбари сифатида буни таъминлашга менинг кучим ҳам, билимим ва салоҳиятим ҳам албатта етади. Бу ҳақиқатни ҳеч ким, ҳеч қачон эсидан чиқармасин.

    Халқимизда “Икки кеманинг бошини тутган ғарқ бўлади”, деган мақол бор. Қайси раҳбар, қайси имом-хатиб у томонга ҳам, бу томонга ҳам ёқаман, деб иш кўрмоқчи бўлса, қаттиқ адашади. Бизга бундай иккиюзламачи, мунофиқ одамлар мутлақо керак эмас.

    Мусулмончилик ҳар биримизнинг юрагимизда, виждонимизда бўлиши лозим. Инсон имон-эътиқодли бўлса, юртига содиқ бўлиб хизмат қилса, у ҳақиқий ватанпарвар бўлади.

    Агар у эътиқодсиз бўлиб, чаласавод бўлиб, хиёнат қилиб, боя айтганимдек, икки томон билан ҳам “ўйин” қиламан, бу давлат кетса, анавилар келиб қолса, улар билан ҳам тил топишаман, деб найранг қиладиган бўлса, билиб қўйинглар, бундай “номер”лар бизга ўтмайди.

    Албатта, ашаддий террорчи ва экстремистлар ўз йўлидан қайтмайди. Уларнинг мияси, бутун ҳужайраси заҳарланиб, қўли қонга ботиб бўлган. Уларга гап уқтириб, инсофга чақиришнинг ҳеч қандай фойдаси йўқ.

    Шунинг учун ҳам ҳар қайси маҳалла, ҳар бир туман ва вилоят ўз ҳудудидан чиққан, чет элларда террорчи гуруҳлар сафида юрган ашаддий экстремистларни Ўзбекистон фуқаролигидан чиқариш ҳақида Ўзбекистон Президентига таклиф киритиши зарур.

    “Бу масалани аввало чуқур ўрганиш керак, айби исботланган тақдирда мен уларни Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилишга тайёрман. Оқни – оқ, қорани – қора, дейдиган вақт келди. Бизга бундай нонкўрлар керак эмас”, деди Шавкат Мирзиёев.

    “Мана, ўзингиз кўряпсиз, Афғонистон, Сурия, Ироқ, Ливия каби давлатларда нима бўляпти? Яна қандай мисоллар керак ўзи? Бу фожиалар барчамизнинг кўзимизни очиши зарур эмасми?”, дея савол берди Шавкат Мирзиёев.

    SHARE