Мудофаа вазирлиги ҳарбий самолёти Қоғоғистондаги ЙТҲда ҳалок бўлганлар жасадини Ўзбекистонга олиб келди

Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Фавқулодда вазиятлар қўмитасининг маълумотига кўра, 2017 йилнинг 22 июн куни соат 10:20 да Актўбе вилоятида “Волгоград – Чимкент” йўналишида “Мерседес” русумли автобуси йўл-транспорт ҳодисасига учраган. Автобусда жами 52 нафар йўловчи бўлиб, улардан 50 нафари Ўзбекистон Республикаси,
2 нафари Қозоғистон Республикаси фуқаролари бўлган. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Ўзбекистон Республикасининг 9 нафар фуқароси вафот этган, 7 нафар фуқароси жабрланиб, Айтикеб тумани шифохонасига ётқизилган. Воқеа жойида 10 нафар фуқарога биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. 21 нафар фуқаро ЙТҲ оқибатида жабрланмаган.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тарқатган хабарда айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги махсус ҳарбий транспорт самолёти жорий йилнинг 23 июн куни соат 19:40 да Нукус шаҳридан жабрланган ва вафот этган фуқароларни олиб келиш мақсадида Қозоғистон Республикаси Актўбе шаҳрига учиб кетган ҳамда шу куни соат 23:00да Актўбе шаҳар аэропортига қўнган.

Ўзбекистон Республикасининг 9 нафар вафот этган, 7 нафар жабрланган ҳамда қолган 31 нафар фуқаролари Актўбе шаҳар аэропортидан Тошкент шаҳрига соат 11:40 олиб келинди.

Вафот этган фуқаро М.Эргашев махсус тиббий автомашинасида Жиззах вилоятига олиб борилади.

Вафот этган фуқаро Т.Джумаэв “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси кўмагида Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар аэропортига олиб борилади.

Вафот этган 7 нафар фуқаролар 24 июн куни соат 12:40 да Мудофаа вазирлигининг самолётида Фарғона шаҳар аэропортига олиб келиниб, Наманган, Андижон, Фарғона вилоятларида истиқомат қилувчи яқинларига топширилади.

Маҳаллий ҳокимият органлари томонидан дафн этиш маросимларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ёрдам кўрсатилади.

ЙТҲ оқибатида жабрланган фуқароларга зарурий тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларига жойлаштирилади.

Қолган фуқароларга доимий яшаш жойларига этиб боришлари учун амалий ёрдам кўрсатилади.

SHARE