Тошкентда Венгрия элчихонаси очилди

Тошкентда 27 июнь куни Венгрия элчихонасининг расмий очилиш маросими бўлди.

Ўзбекистон ва Венгрия давлат мадҳиялари янгради. Элчихона биносида Венгрия ҳамда Европа Иттифоқининг байроқлари кўтарилди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А.Комилов бу йил Ўзбекистон билан Венгрия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлгани, ушбу элчихона мамлакатларимиз ҳамкорлиги тарихида янги саҳифа очиши ва уни янада ривожлантиришда муҳим бўғин бўлишини таъкидлади.

Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийарто элчихона очилишига кўрсатган кўмаги ва ўзаро ҳамкорлик ривожига эътибори учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирди. Ушбу муассаса икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилиши, шу билан бирга, Марказий Европа ва Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлиги ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшишини қайд этди.

– Венгрия Ўзбекистон тараққиётига ҳурмат билан қарайди, – деди Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийарто. – Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси халқаро ҳамкорлик учун ажойиб имкониятлар очмоқда. Инвестиция, пул-валюта сиёсатида ижобий ўзгаришлар кутилмоқда. Венгрия Ўзбекистон билан савдо-иқтисодиёт, қишлоқ ва сув хўжалиги, фармацевтика ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш ниятида.

Тадбирда мамлакатимиздаги дипломатик корпус вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

 

SHARE