Ўзбекистон жаҳоннинг энг бахтиёр давлатлари бешлигидан ўрин эгаллади

Gallup агентлиги жаҳоннинг энг бахтли мамлакатлари индексига бағишланган Globalup Emotions ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра, дунёнинг энг бахтли давлати Парагвай, энг бахтсиз давлати эса Яман бўлиб чиқди, деб хабар беради «NaukaTV.ru».

Сўровномада 142 мамлакатдан 150 минг киши иштирок этди. Респондентлардан ижобийлик ва салбийлик даражасини баҳолаш сўралди.

Gallup социологлари респондентларга саволларни ҳам телефон орқали, ҳам шахсий суҳбатда берди. Энг ёш респондентлар 15 га тўлган эди. Фуқаролик уруши давом этаётган Сурияда сўровнома ўтказилмади.

Саволлар респондентларнинг ҳиссиётлари, ижтимоий фаровонлиги, стресслар ва бошқа масалаларга оид бўлди. Сўровда иштирок этганларнинг 70 фоизи ҳаётдан лаззатланишини билдирди.

Аниқланишича, Лотин Америкаси ва умуман Жанубий Америка энг бахтли аҳоли истиқомат қиладиган ҳудуддир. Жаҳон бўйича биринчилик Парагвайга тегишли бўлди.

Ундан кейинги ўринларни Коста-Рика, Панама, Филиппин, Ўзбекистон, Эквадор, Гватемала, Мексика, Норвегия, Чили ва Колумбия эгаллади.

Яқин Шарқ ва Шимолий Африка ижобий эмоциялар энг кам қайд қилинган минтақалар бўлди. Ихтилофларга учраган Украина, Ироқ, Яман, Туркия каби давлатларда натижалар паст бўлди. Рейтингнинг охирги ўрнини Яман эгаллади.

SHARE