Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 2016 йилда 67,22 миллиард долларни ташкил этди

Ўзбекистон 2016 йил якуни бўйича ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича, харид қобилияти тенглигини (purchasing power parity) ҳисобга олганда, дунёда 61-ўринни эгаллади. Бу ҳақда Uzdaily хабар бермоқда.

Жаҳон банки ЯИМ ҳажми бўйича мамлакатлар рейтингини эълон қилди. Ундан 186 давлат ўрин олди. Рейтингда Ўзбекистон, харид қобилияти тенглиги ҳисобга олинганда, 207,47 миллиард доллар кўрсаткич билан 61-ўринни эгаллади.

Банк 2016 йил ЯИМ кўрсаткичларига асосланган дунё иқтисодиётлари ҳажми ҳақидаги маълумотларни ҳам эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистонда ЯИМ ўтган йили 67,22 миллиард долларни ташкил этди ва мамлакат 195 давлат орасида 71-ўринни эгаллади.

Аҳоли жон бошига ялпи миллий даромад (ЯМД) 2016 йил якунлари бўйича 2,22 минг долларни ташкил этди ва Ўзбекистон бу кўрсаткич билан 159-ўринда қайд этилди. Харид қобилияти тенглиги инобатга олинганда эса ЯМД 6,64 минг доллардан иборат бўлди (дунёда 147-ўрин).

SHARE