Америкада ҳалол ва тўғри яшаган ютади

Америкада яшайдиган россиялик блогер АҚШ жамиятидаги ўзига хос жиҳатлар ҳақида ўз фикрларини билдириб боради. Унинг яқинда эълон қилинган блоги Америкада тўғри ва ҳалол яшашнин афзалликлари ҳақида фикр юритади:

Яқинда  Америка жамиятининг ўзига хос бир жиҳатини кашф қилдим. Америкада айбсизлик презумпцияси тўлақонли ишлайди, яъни суд одамни айбдор деб топмагунча, унга қаттиқ ишонишади. Бу жараён то инсон ноқонуний йўлни танламагунича, ҳақ йўлида қоқилгунича давом этади. Модомики, инсон нотўғри йўлни танлар экан, у қувғинга учрайди, ланъатлар остида қолади.

Америкада қонунни бузишдан тийилиш лозим. Битта хато қилсангиз, у хато бир умр сизни таъқиб қилади. Шу маънода айтганда, ноҳалол ҳаёт тарзини танлаш ҳақида ўйлашнинг ўзи сизга зиён келтиради.

Агар инсон ўтмишда жиноят қилмаган ёки ёлғон гапирмаган бўлса, америкалар унинг сўзларини жиддий қабул қилади, унга ишонади. Шунинг учунам Америкада ҳар қандай хизмат ёки товар учун осонгина бадал олиш мумкин. Агар банкка телефон қилиб картангиз фирибгарлар қўлига тушганини айтсангиз, ҳар қандай транзакцияни қайтариш ёки ўрнига товон пули олиш мумкин. Сотувчига биринчи товар етиб бормаганини ёзсангиз, иккита товарни зудлик билан олишингиз мумкин. Ҳатто солиқ тизимида ҳам сизнинг сўзингизга ишонган ҳолда иш тутишади. Умуман, Америкада жуда кўп нарса осон бажарилади. Чунки мамлакатда тизим ўзаро ишонч асосига қурилган. Ишонч эса инсон уни суистеъмол қилмагунича давом этади.

Агар қаердадир қонунни бузсангиз, ёмон ўхшатиш бўлса-да, айтиш керакки, ҳаётингиз жаҳаннамга айланади. Бу тамойил бутун Америка жамиятига сингиб кетган. Бир неча мисоллар келтираман:

Иммиграция

Ҳар қандай иммиграция мақомини олиш тегишли тартибда шакллар (форма)ни тўлдиришдан бошланади. Бунда эътиборли жиҳати, сиз киритган маълумотлар камдан-кам ҳолларда текшириб кўрилиши мумкин. Инсон ўз аризасида кўрсатган барча маълумотлар Америка томонидан тўғри деб қабул қилинади. Бу мабодо биронта ёлғон ёки алдов чиқиб қолмагунича давом этади. Агар қасддан ёлғон ёки нотўғри маълумот киритилса, ариза бекор қилинади, аризачи эса катта эҳтимол билан барча турдаги иммиграция имкониятларидан маҳрум бўлади, ҳатто виза ололмаслиги мумкин. “Битта хатогача” қоида амал қилади.

Қонунларга риоя қилиш

Америкада жуда кўплаб қонунлар шундай ишлаб чиқилганки, уларнинг ижросини назорат қилиш қарийб иложсиз. Фуқаролар уларга ўзлари онгли равишда амал қилишлари лозим. Аммо қонунни бузганлиги учун жазолар жуда ҳам қаттиқ.

Суғурта фирибгарлиги

Гарчи даромади юқори бўлса-да, бепул тиббий суғурта олиш мумкин. Энг муҳими, анкетага маълумот ва фактларни тўғри киритиш лозим. Агар сизни бир марта суғурта фирибгарлигида тутиб олишса, билиб қўйингки, ҳаётингиз хавф остида қолади. Чунки суғурта фирибгарлиги учун нафақат бир неча юз минг доллар миқдорида жарима тўланиши, балки қамоққа ташланиши ҳам мумкин. Америкада фирибгарларга муносабат жуда ёмон.

Кредит тарихи

Америкада кредит тарихини шакллантириш ҳамда катта миқдорда қарз олиш унчалик мушкул масала эмас. Менинг ҳисоб-китобларимга кўра, ўртача ҳар бир америкалик бештадан ортиқ кредит карталарни ишлатади. Аммо йиллар давомида тўпланган 700 баллик аъло кредит тарихи, агар кредит тўлови билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қилмасангиз, бир неча сонияда ҳавога учиб кетиши мумкин. Тизим қарзнинг кечикишини кечирмайди. Америкада хато қилиш мумкин эмас.

Автосуғурта

Америкада, агар сиз кеча ҳайдовчилик гувоҳномасини олган бўлсангиз ҳам, автомобиль суғуртаси бўйича тўловлар у даражада катта эмас. Аммо сиз охирги йилларда йўл қоидасини жуда кўп бузган бўлсангиз ва қўпол ҳайдаган бўлсангиз, суғурта тўлови кескин ошиб кетиши мумкин. Ёдимда: танишимга ойига 900 долларлик суғурта тўлови ёзиб беришган эди. Бунга унинг хулқи ва йўлдаги “қилиқ”лари сабаб бўлган.

Хулоса: Америкада шундай тизим шаклланганки, ушбу мамлакатда ҳалол ва қонунга бўйсуниб яшаган узоқ умр кўради.

SHARE