Ўзбекистон чет элдаги ўзбек диаспоралари билан ишламаяптими?

    Шу йилнинг 5 июль куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов  ватандошлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилди. Унда “Муҳожир” тахаллуси билан фуқаро шундай савол берди: “Нега Ўзбекистон чет элдаги ўзбек диаспораларга бефарқ муносабатда?”

    Саволга Абдулазиз Комилов атрофлича жавоб берди. “Биринчидан, диаспора деганда биз тушунишимиз керакки, қанақа диаспора? Масалан, мен Америкада ишлаганман, сизларга бир мисолни келтирмоқчиман. Америкада бизнинг учта диаспора бор: биринчиси, уруш пайтида ва ундан олдин кетган . Иккинчи гуруҳ қайта қуриш даврида — ҳамма ҳар қаерга тарқалиб кетганда, ўша ерга кетган. Учинчи гуруҳ ёшлар бўлиб, таълим олиб, ишлаётган йигит-қизларимиз. Уларнинг Ўзбекистонга муносабати ҳар хил. Савол берган шу эски авлод вакилларидан бўлса керак. Бир вақтлар, 90-йилларда Саудиядан бир гуруҳ ўзбеклар келиб, бир қатор талабларни қўйишган эди. “Бизга ҳаммамизга ўзбек фуқаролигини бериш керак. Кейинги биз келганимизда аэропортда ҳаммамизни битта гулдаста билан кутиб олиш лозим”, дейишганди. Мана шунақа талаблар кўп бўларди. Бу унчалик тўғри гап эмас. Чунки ҳар бир элчихонада ўзимизнинг диаспорани, ўзбекларни яхши билади, бирга ишлашади. Доим таклиф қиламиз. Эшикларимиз очиқ. Байрамларда, айниқса, бу яққол сезади. Элчихоналарга келиб хизмат қилишади. Ҳаттоки уларнинг ҳар бирлари билан лойиҳалар ишлаб чиқиш, улар билан фаол ишлаш керак, албатта”, деди вазир.

    Ўзбекистоннинг Америкадаги элчихонаси маслаҳатчиси С. Рустамовнинг қайд этишича, элчихонага АҚШнинг 18 та штати, шунингдек, Бразилия, Канада киради. Ушбу мамлакатларда, расмий маълумотларга кўра, 180 минг Ўзбекистон фуқаролари истиқомат қилади. Ҳозирги кунда 500 дан ортиқ киши консуллик ҳисобида туради. Ўтган тўққиз ой давомида элчихона 2400 дан ортиқ консуллик ҳаракатини амалга оширди, улар асосан паспортни алмаштириш, қайтиш учун сертификат олиш сингари масалаларга тааллуқли. “Фуқаролар билан интерактив мулоқотга алоҳида эътибор қаратиляпти, оммабоп ижтимоий тармоқлар билан мулоқот қилиш йўлга қўйилган, шу билан бирга, ўзбек диаспораси кўмагида консулликнинг сайёр учрашувлари ўтказилаяпти”, деди элчихона вакили.

    Вазирнинг айтишича, фақат Россия Федерациясининг ўзида 1,7 миллион ўзбекистонлик бор. Фуқаролардан келиб тушган шикоятларни таҳлил этиш асосида ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида Россиянинг Санкт-Петербург, Қозон, Ростов-Дон, Екатеринбург, Владивосток шаҳарларида консуллик ваколатхоналарини очиш чоралари кўрилмоқда.

    Шу билан бирга, Жанубий Кореяда ҳам 55 минг нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари истиқомат қилади.

    SHARE