Шавкат Мирзиёевнинг Америкадаги ўзбекистонликлар билан учрашувини ташкил қилиш ташаббуси билдирилди

    Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Шерзод Шерматов Facebook’даги саҳифасида АҚШда Шавкат Мирзиёевнинг ўзбекистонликлар билан учрашувини ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.

    Вазир АҚШдаги ўзбекистонликларга мурожаат қилиб, шундай ёзди: «Хабарингиз бор, Ўзбекистон Президенти сентябрда БМТ Бош Ассамблеясига ташриф буюради. Шундай экан, унинг ўша ерда яшаётган атоқли ўзбеклар билан учрашувини ташкил қилмаймизми? Масалан, мен АҚШда таълим олаётган чоғимда, 1999 йилда у ерда Биринчи Президентимиз билан учрашганим мен учун ажойиб тажриба бўлган. Агар биз шундай учрашувни уюштирсак, бу у ерда яшаётган ҳамюртларимиз учун ҳам эсда қоларли ҳодиса бўларди, деб ўйлайман.

    Бунинг учун менга салоҳиятли иштирокчилар рўйхатини тузишда ёрдам берувчи кўнгиллилар керак. Агар биз у ерда яшаётган ва бундай учрашувга қизиқиш билдираётган кўплаб атоқли ўзбеклар (масалан, олимлар, профессорлар, докторлар, бизнесменлар, халқаро ташкилотлардаги олий мансабдорлар ва бошқа муваффақиятли кишилар, шу жумладан талабалар) рўйхатини туза олсак, мен бу ғояни Маъмуриятга етказишга ҳаракат қиламан», дея иқтибос келтиради Daryo.uz

    Шерзод Шерматов фойдаланувчиларни бошқа фикр ва таклифлар бўлса, унга юборишга чақирган.

    Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябрида БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида қатнашиш учун Нью-Йоркка сафар қилиши мумкинлигихабар берилган эди.


     

    SHARE