Режеп Эрдўған Шавкат Мирзиёевга: “Туркия – Ўзбекистон муносабатларини янада ривожлантириш тарих олдидаги муштарак масъулиятимиздир”

Мустақилликнинг 26 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарларидан самимий қутловлар келмоқда. Хусусан, Туркия президенти Режеп Таййиб Эрдўғандан келган мактубда шундай дейилади:

Сиз Жаноби Олийларини, Сизнинг тимсолингизда бутун ўзбек халқини Ўзбекистоннинг Миллий куни муносабати билан муборакбод этишдан бағоят бахтиёрман.

Дипломатик муносабатларимиз ўрнатилганининг 25 йиллигига тўғри келган 2017 йилда ҳамкорлигимиз сезиларли даражада фаоллашди. Ўтган йил ноябрь ойида Самарқанддаги учрашувимиз бу жиҳатдан бурилиш нуқтаси бўлиб хизмат қилди ва мунтазамлик касб этган олий даражадаги мулоқотлар орқали муносабатларимиз барча соҳаларда жадал ривожланмоқда. Ишонаманки, шу йил октябрь ойида Сизнинг Туркияга амалга оширадиган ташрифингиз бугунги кундаги муносабатларимизни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этади.

Халқларимиз ўртасидаги қадимий дўстлик ришталари мустаҳкам пойдевор бўлган Туркия – Ўзбекистон муносабатларини Сиз Жаноби Олийлари билан бирга янада ривожлантириш тарих олдидаги муштарак масъулиятимиздир.

Фурсатдан фойдаланиб, Сиз Жаноби Олийларига сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, қардош ўзбек халқига омонлик ва фаровонлик тилайман.

SHARE