Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоев давлат чегараларини аниқлаш бўйича муҳим битимни имзолайди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Президент Алмазбек Атамбоевнинг таклифига биноан 2017 йил 5-6 сентябрь кунлари давлат ташрифи билан Қирғизистон Республикасида бўлади. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар тарқатди.

Олий даражадаги учрашув ва музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари ўзаро муносабатларни ривожлантиришнинг асосий масалалари, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари, мамлакатларимизнинг чегараолди ҳудудлари алоқаларини фаоллаштириш, шунингдек, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммоларни муҳокама қиладилар.

Музокаралар якунлари бўйича икки давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти, Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегараси ҳақидаги шартнома, мамлакатларимиз ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган бошқа қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

“Ташрифнинг муҳим ҳужжати қирғиз-ўзбек чегараси ҳақидаги шартнома бўлади. Президентларнинг ўтган йилги учрашувида бу жараённи жадаллаштириш юзасидан кўрсатма берилганди. Ўшандан бери 16 та учрашув ўтказилди, натижада умумий чегаранинг 1170 километри қайддан ўтказилди, 280 километри қолмоқда. Бу чегаранинг 80 фоиздан ошиғини ташкил этади”, дея Қирғизистон президенти аппарати ташқи сиёсат бўлими мудири Ойзода Субакожоеванинг сўзларини келтирган K-News.

SHARE