Human Rights Watch Ўзбекистонда “мустақил овоз” бўлишни истамоқда

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қадамларини олқишлайди. Бу ҳақида ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича директори Хью Уильямсон ҳамда Марказий Осиё бўйича тадқиқотчи Стив Свердлов шу йилнинг 5 сентябрь куни ташкил этилган форумда маълум қилган. Бу ҳақида Газета.uz хабар тарқатди.

Хью Уильямсоннинг айтишича, ташкилот мамлакатга етти йиллик танаффусдан сўнг қайтганига мамнун. Ўзаро ҳурмат ва англашув руҳида жамият билан конструктив мулоқот олиб боришга ҳаракат қилади. Унинг қайд этишича, Human Rights Watch Ўзбекистонда сўз эркинлиги, сиёсий ва диний сабаблар билан қамоққа олинганлар билан ишлаш, мажбурий меҳнат ҳолатлари бўйича иш олиб боради.

“Бугунги кунда Ўзбекистонда юз бераётган воқеалар жуда муҳимдир. Биз буни умидбахш онлар деб атаган бўлардик. Биз Ўзбекистон томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни олқишлаймиз”, деди Стив Свердлов. У сиёсий ва диний мотивлар бўйича озодликдан маҳрум қилинганларнинг озодликка чиқишини муҳим воқеалардан бири сифатида қайд этган. “Биз бу ерда ушбу жараёнларга ёрдам бериш, қўллаб-қувватлаш учун келганмиз”, деди тадқиқотчи.

Стив Свердлов оммавий ахборот воситалари, эркин фикрлаш, медиа эркинлиги соҳаларидаги ижобий ўзгаришларни қайд этиб, Ўзбекистон Президенти томонидан фуқаролар ва давлат ўртасида масофани қисқартириш зарурлиги юзасидан амалга оширилаётган ишларни олқишлаган.

“Биз бу жараёнда мустақил овоз бўламиз, баъзан танқидий овоз бўлиб, ҳар доим ҳам ёқимли бўлмаса-да, ҳаққоний ахборот тўплаб, Ўзбекистон томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасида ўз зиммасига олган мажбуриятлари билан боғлиқ тавсиялар берадиган овоз бўламиз”, дея фикрларини якунлади Human Rights Watch вакили.

«Human Rights Watch» халқаро нодавлат ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича бўлинмаси директори Х.Уильямсон ва ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича офиси директори С.Свердлов мамлакатимизда бўлиб турибди.

7 йил деганда…

Таъкидлаш жоизки, 1978 йилда ташкил этилган ушбу ташкилот инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида мониторинг олиб бориш, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа умумэътироф этилган ҳужжатларда баён қилинган инсон ҳуқуқларига доир халқаро нормаларга риоя этилиши тўғрисида ҳисоботларни эълон қилиш билан шуғулланади.

Камситишнинг олдини олиш, инсон ҳуқуқларига риоя этилишини текшириш ва улар ҳақида эълон қилиш, болалар, хотин-қизлар ва бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш «Human Rights Watch» нодавлат ташкилоти фаолиятининг асосий йўналишларидир.

Ташриф давомида вазирликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти институтларида учрашувлар ўтказиш режалаштирилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Ташқи ишлар, Адлия, Ички ишлар, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, Бош прокуратура, Олий суд, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Савдо-саноат палатаси вакиллари билан учрашувлар мўлжалланган. Ташриф доирасида делегация аъзоларининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси фаолияти билан танишиши ҳам кўзда тутилган.

“Кун тартибидан яширадиган ёки чиқариб ташлайдиган нарсамиз йўқ”

Эслатиб ўтамиз, июль ойида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Human Rights Watch (HRW) ташкилоти август ойида Ўзбекистонга ташриф буюришини маълум қилган эди.

Абдулазиз Кoмиловнинг сўзларига кўра, делегацияга HRWнинг Марказий Осиё муаммолари бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов бошчилик қилади.

Вазир шунингдек, ташкилотнинг ижрочи директори Кеннет Рот билан яқиндан мулоқот қилиб келаётганини таъкидлаб ўтган.

“Шунга ўхшаш бошқа ташкилотлар ҳам келишади, улар билан ҳамкорлик қиламиз, кун тартибидан яширадиган ёки чиқариб ташлайдиган нарсамиз йўқ”, — деган Кoмилов.

Аммо вазир уларнинг келиши Ўзбекистон “улар қўядиган барча талаб ва шартларга рози” деган маънони англатмаслигини қўшимча қилган.

“Ҳаракат иккиёқлама бўлиши керак. Агар қаердадир манфаатларимиз мос тушмаса, бу ҳар қандай ҳамкорлик йўққа чиқади, дегани эмас. Баъзи муаммолар бўйича биз ўз қарашларимизга эга бўлсак, шу турдаги ташкилотлар ўз қарашларига эга. Бу ҳақда оммавий равишда таклиф киритганмиз, айтганмиз — биз манфаатларимиз мос тушадиган майдонда ҳамкорлик қилишга ва бу ҳамкорликни биргаликда кенгайтиришга, мунозарали масалаларни биргаликда муҳокама қилиб, ечим топишга тайёрмиз. Буларнинг барчаси бир-биримизни янада кўпроқ тушунишимиз учун амалга оширилади”, — деб таъкидлади Ўзбекистон ТИВ раҳбари.

SHARE