Абдулазиз Комилов: Қирғизистон билан тарихий келишувлар Шавкат Мирзиёевнинг қатъий иродаси туфайли юз берди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5–6 сентябр кунлари Қирғизистон Республикасига давлат ташрифи якунлари тўғрисидаги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «Ўзбекистон» телеканали саволларига Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов жавоб берди.

— Кузатувчилар аксарият ҳолларда «мана, шунча масалалар 15-20 йил мобайнида йиғилиб қолди, яқин орада буни ҳал қилиш мумкинми йўқми?» деб вазиятнинг ўнгланишига унчалик ишонмас эди. Лекин барчасини ҳал қилиш мумкин экан. Нега? Бунинг ўзига яраша жуда муҳим сабаблари бор. Бу биринчидан, бизнинг муҳтарам президентимизнинг қатъий иродаси туфайли юз берди. Иккинчидан, президентимиз барчамизга — ҳар бир вазирликка олдимизда турган вазифаларни аниқ белгилаб берди. Учинчидан, Шавкат Миромонович бир неча учрашувлари мобайнида Қирғизистон президенти билан жуда яқин алоқалар ўрнатиб, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ишончни яна бир бор қайтариб олиб келди.

Агар биз мана шу асосий давлат ташрифининг натижалари нималардан иборат бўлди, деган саволга жавоб берсак, албатта биринчи галда энг муҳим, долзарб ва нозик масала бу — чегара масаласи эканлигини тан олишимиз керак. Нега деганда, мана шу дўстона алоқалар ҳам чегара орқали қурилади, муаммолар ҳам шу чегара ортидан келиб чиқади.

Биз жуда муҳим ва тарихий шартнома тайёрладик. Музокараларда келишилган 1170 км чегара аниқланиб, шартномага киритилиб, имзоланди. Шартнома қабул қилинди, президентлар даражасида имзоланди ва бу албатта, жуда катта ютуқ бўлди. Бундан ташқари, қўшма баёнотда биз келажакда сиёсий, иқтисодий, гуманитар, маданият ва хавфсизлик соҳаларида узоқ муддатли ҳамкорлигимизни белгилаб олдик ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлигимизни икки томонлама ва кўп томонлама асосда олиб боришга келишдик.

Президентимиз, ҳурматли Шавкат Миромонович қўшимча мана шу имзоланган шартномаларга ўзларининг икки ташаббуси билан қўшимча киритди: уларнинг биринчиси парламентлараро ҳамкорлик меморандуми бўлса, иккинчиси — бу чегарадош ҳудудлар раҳбарлари кенгаши ҳақидаги ҳужжатдир. Ушбу кенгаш бош вазирлар раҳбарлигида ўз фаолиятини олиб боради ва ўйлаймизки, келгусидаги ҳамкорлик учун бу жуда муҳим бўлади.

Президентимизнинг «Қирғизистон билан Ўзбекистон чегараси — дўстлик ва ҳамкорлик чегараси бўлиши керак», деган сўзлари эрталабдан кечгача телевидение, матбуот ва барча оммавий ахборот воситаларида кўп маротаба қайтариб турилди. Бундан ташқари, транспорт коммуникациялари, сув ва энергетика масалаларига ҳам катта  эътибор берилди. Маданий ва гуманитар ҳамкорликка оид кўп шартномалар имзоланди, биргина экспорт контрактларининг ҳажми 150 миллион долларга етди.

Лекин президентимиз ҳам, Қирғизистон президенти ҳам якдил бир фикрга келишдики, бу ҳамкорликнинг эндигина қайтадан бошланиши, бундай шартномаларни бемалол 500 миллионга ҳам, 1 миллиардга ҳам етказиш мумкин. Айниқса транспорт коммуникациялари очилганида, албатта икки давлат ўртасидаги савдо-сотиқ ҳам юришиб кетади.

Агар президентимизнинг Қирғизистонга давлат ташрифига сиёсий баҳо бермоқчи бўлсак, бу чиндан ҳам тарихий ташриф бўлди, — деди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов «Ўзбекистон» телеканалига берган интервьюсида.

SHARE