Ўзбекистон Мьянмадаги рохинжалар учун гуманитар ёрдам юборади

    Мьянмада юзага келаётган вазият, хусусан, мамлакатдаги озчиликни ташкил этувчи мусулмонларга кўрсатилаётган зўравонлик ҳолатлари ҳақидаги хабарлар Ўзбекистонда ташвиш билан қарши олинди.. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида маълум қилинди.

    «Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва БМТ уставида мустаҳкамлаб қўйилган принциплар, шунингдек, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Устави мақсад ҳамда вазифаларига асосланган ҳолда ҳар қандай шаклдаги зўравонликни қоралайди ва ҳар бир инсоннинг ирқи, терисининг ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа қарашлари, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ёки бошқа ҳолатидан қатъи назар барча ҳуқуқ ва эркинликларини сўзсиз таъминланиши тарафдори ҳисобланади», — дейилади баёнотда.

    «Шу муносабат билан биз Мьянма раҳбариятини айбсиз мусулмонларга қарши зўравонликни тўхтатиш учун чоралар кўришга, муаммони фақат тинч йўл билан ҳал этишга чақириб қоламиз», — дейилади ҳужжатда.

    ТИВ, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати Мьянма қочқинлари эҳтиёжлари учун гуманитар ёрдам юбориш қарорини қабул қилганини билдириб ўтди.

    Мьянмада давом этаётган рохинжа мусулмонларига қарши қатлиом бир муддат илгари БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зайд Раъд ал-Ҳусайн томонидан танқид остига олинди, у мамлакат куч тузилмалари ўтказаётган операцияни «этник тозалаш» деб атади.

    SHARE